17:52 | 18.07.22

                       

Сирдарёда ҳоким ўринбосари пора билан қўлга тушди

У ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланлан

Сирдарё вилояти Оқолтин туманида ҳоким ўринбосари пора билан қўлга тушди.

Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Оқолтин тумани ҳокимининг ўринбосарларидан бири ўз хизмат хонасида маҳаллий масъулияти чекланган жамият иш юритувчисидан 400 долларни пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Аниқланишича, мазкур мансабдор шахс ушбу МЧЖни биржа савдолари орқали ун маҳсулотлари сотиб олишига тўсқинлик қилиш, имтиёзлар бермаслик ҳамда «қора рўйхат»га киритиш билан қўрқитиб, агарда 500 доллар берса, келгусида МЧЖга раҳнамолик қилишини билдирган ва ушбу мақсадда муқаддам 1 миллион сўм олган.

Ҳозирда ушбу мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 12 май куни «Жонбулоқ» маҳалласи ҳоким ёрдамчиси фирибгарлик йўли билан 300 доллар олаётган вақтида қўлга тушганди. Шунингдек, Андижонда ҳоким ёрдамчиси молхонада осилган ҳолда топилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: