8:35 | 22.07.22

                       

Жиззахда ҳаракатланиб кетаётган «Hyundai Santa FE» ёниб кетди

Кўрилган моддий зарар миқдори тахминан 586 миллион сўмни ташкил этмоқда

Пахтакор—Жиззах йўналишида ҳаракатланиб кетаётган «Hyundai» автомобилида ёнғин чиқди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Жиззах вилояти ФВБ ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 21 июль куни соат 16:14 да Жиззах вилояти ФВБга Пахтакор тумани ҳудудида енгил автомобиль ёнаётгани тўғрисида маълумот келиб тушган. Қутқарувчилар ҳодиса жойига соат 16:30 да етиб борган, соат 16:33 да ёнғин ўраб олинган ва 16:40 да бартараф этилган.

Аниқланишича, 43 ёшли Ж.Э. бошқарувида бўлган «Hyundai Santa FE» русумли енгил автомобиль Пахтакор—Жиззах йўналишида ҳаракатланиб кетаётган вақтида машинанинг мотор қисмида ёнғин чиққан. Ҳайдовчининг ёнғинни мустақил ўчиришга бўлган ҳаракатлари фойда бермаган. Ёнғин ҳақида гувоҳлардан бири «101» қисқа рақами орқали хабар қилган.

Фото: Жиззах вилояти ФВБ ахборот хизмати

Ёнғин натижасида автомобиль тўлиқ ёниб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Жабрланганлар йўқ.

Кўрилган моддий зарар миқдори тахминан 586 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Аввалроқ Наманганда юк, Қашқадарёда эса енгил машина ёниб кетгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: