12:13 | 25.07.22

                       

Самарқандда Пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи ўринбосари пора билан ушланди — видео

У иш стажи етмаган фуқародан пенсиясини тўғирлаб бериш учун 300 доллар сўраган

Пенсия жамғармасининг Самарқанд шаҳар бўлими бошлиғи ўринбосари иш стажини сохталаштириш орқали нафақа расмийлаштириб бериш эвазига пул олган вақтида ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Telegram

Маълум бўлишича, фуқаро нафақага чиқиш учун шаҳардаги Пенсия жамғармаси бўлимига бориб, ишлаган даврини ҳисоблатганида 1,5 йил иш стажи етмаган. Шу ерда ушбу фуқарога ўзини бўлим бошлиғи ўринбосари этиб таништирган шахс етмаган иш стажини сохталаштириш орқали тўғирлаш ва нафақа расмийлаштириб бериш учун ундан 300 доллар талаб қилган. Фуқаро 18 июль куни Самарқанд шаҳар ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, ушбу шахсга нисбатан чора кўришларини сўраган.

Аризага асосан вилоят ИИБ Жиноят-қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда шаҳар прокуратураси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида жамғарма масъули ариза муаллифидан 300 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида «Халқ банки» ходимлари 150 нафар фуқаронинг пенсия ва нафақа пулинини талон-торож қилгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: