15:43 | 25.07.22

                       

Нурмат Отабеков вабо касаллиги бўйича батафсил маълумот берди

Унинг айтишича, оддий қайнатилган сувда вабо вибриони тўлиқ нобуд бўлади

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков вабо касаллиги юзасидан маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Вабо («холера») — ингичка ичакнинг зарарланиши, интоксикация, умумий аҳволнинг оғирлашуви ва организмнинг сувсизланиши билан давом этадиган ўткир инфекцион ўта хавфли ичак касалликларидан бири ҳисобланади.

Вабо вибриони дарё сувида 18 кундан 5 ойгача, музда бир неча ой, ариқларда бир неча кун, денгиз сувида икки ҳафта, совуқ вақтда нажасда бир неча ой, ахлат чуқурларида 3 ойгача, ички кийимларда 2 ой, қум тупроқда бир неча ой, сув ҳавзаларида 15—30 кун, сут ва ёғда бир ойгача, картошкада 2 ҳафтагача, ҳўл мевада бир неча кунгача тирик қолиши мумкин.

«Бундан кўриниб турибдики, вабо вибриони пайдо бўладиган бўлса, аҳолига юқиш эҳтимоли юқори. Шу билан бирга, ушбу вибрион дезинфекция воситаларига жуда ҳам чидамсиз. Оддий қайтанилган сувда вабо вибриони тўлиқ нобуд бўлади», — дейди у.

Отабековнинг сўзларига кўра, шу пайтгача қайд этилган еттита пандемиянинг олтитаси бевосита вабо вибрионининг классик тури билан чақирилган. Таъкидланишича, касаллик 24—28 соат ичида ўзининг клиник белгиларини намоён қилади:

  • жуда кўп ич кетиш;
  • қайд қилиш;
  • организмда сувнинг камайиб кетиши оқибатида терининг ёпишқоқ ҳолатга келиши;
  • бадандаги мушакларнинг тиришиши;
  • буйрак етишмочилиги.

Аввалроқ Ўзбекистонда сув қувурлари орқали вабо тарқалиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалганди. «Ўзсувтаъминот» мазкур хабар юзасидан муносабат билдириб, фуқаролардан бу каби ёлғонларга ишонмасликларини ва жўмраклардан сув ичмаслик тўғрисидаги чақириқларга қулоқ солмасликни сўраган. Шунингдек, Нурмат Отабеков Ўзбекистонда вабо касаллиги аниқлангани ҳақидаги хабарларни рад этганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: