18:00 | 26.07.22

                       

«Қул каби ўстирилганлар фақат қул каби бошқарилади». Мактабидаги тизим сабаб таълимдан безиган, Нобелнинг мукофот пулидан воз кечган ирландиялик драматург — Бернард Шоунинг ҳаёти ва иқтибослари

Bugun.uz 166 йил аввал дунёга келиб, тўшакка михланган ҳолда вафот этган ижодкорнинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлайди

Киноя элементларига бой асарлар муаллифи Бернард Шоуни кўпчилик ёзганлари театр ва киноларга сценарий бўлган драматург, адиб сифатида билади. Унинг биографияси билан танишиш эса ёзувчини бошқа қирраларини кашф қилиш имконини беради. «Bugun.uz» бундан 166 йил аввал дунёга келиб, адабиётга улкан мерос қолдирган Бернард Шоунинг ҳаёт ёлига назар ташлайди.

Спиртли ичимликка ружу қўйган отанинг диний мактабда таълим олган боласи

Фото: «Biographe»

Жорж Бернард Шоу 1856 йил 26 июль Дублинда, савдогар Жорж Шоу ва хонанда Люсинданинг оиласида икки қиздан кейин дунёга келади. Бинойидек юриб турган ишлари ўғилли бўлгач аксига олгандек орқага кета бошлаган отаси спиртли ичимликлардан юпанч қидира бошлайди. Аммо муаммоси ҳал бўлиш ўрнига икки карра ортиб, оиласи пароканда, молиявий аҳволи эса танг бўлиб қолади.

Носоғлом муҳитни фарзандларига сездирмасликка, уларни чалғитишга ҳаракат қилган онаси болаларини меҳр, севги ва яна мусиқа билан катта қилади. Инсоннинг болалигидаги воқеалар келажагига қайсидир маънода таъсир қилганидек мусиқий муҳит бегона эмаслиги сабаб ҳам Бернард кейинчалик шу мавзуда танқид ва тақризлар ёзишга қийналмайди.

Фото: «Biographe»

Дублиндаги протестантликка асосланган ўқув даргоҳида таълим олган Бернардни у ердаги ақлий ривожлантириш қолиб, фақат маънавий баркамоликка урғу берилиши ғашига тегади. Арзимаган хатолар учун жисмоний жазо чоралари кўрилиб, гўё жиноятчиларга бўлгандек муносабат қилингани тенгдошлари сингари Шоуга ҳам ёмон таъсир қилади. Оқибатда ўқишдан безиб, ўша вақтларни ёмон хотиралар билан эслайди.

Инглиз театрида машҳурлик бобида иккинчи (Шекспирдан кейин) бўлган ёзувчи ҳаёти давомида ўзини турли соҳаларда синаб кўради. Ўқишни оилавий шароити сабаб давом эттиролмаган 15 яшар Бернардни амакиси кўчмас мулк агентлигига котиб қилиб ишга жойлаб қўяди. Унга юклатилган вазифа — Дублиннинг харобаларидаги аҳолидан ижара ҳақини йиғиш эди.

Ўзи шундоқ ҳам кунини зўрға ўтказаётган одамларнинг пулини олиш унга осон бўлмайди. Иложсизлик сабаб эса ишини ҳам ташлаб кетолмайди, борини ичига ютади. Ўша қалбининг қарига тўпланган ғалаёнлар кези келиб «Тул хонадонлари» асарида ўз аксини топади. Аммо нечоғлик зерикарли, бир хиллиги билан жонга тегмасин, айнан шу иш боис тартибли, ифодали ёзишни ўрганганини инкор этмайди.

Янги шаҳар, янги саҳифа

Фото: «Biographe»

1872 йили отасини тарк этишга қарор қилган онаси, қизларини олиб Лондонга кетади. Бернард эса орадан 4 йил ўтиб, токи опаларининг бири сил касаллиги туфайли вафот этгани ёзилган хат келмагунича отаси билан Дублинда яшайди.

Опасининг ўлими баҳонасида Лондонга, онасининг олдига келиб, бегона шаҳарда ҳаётининг янги — журналистика ва адабиёт билан боғлиқ саҳифаларини бошлайди. Кутубхона ва музейларни кезиб, ўз устида ишлашга киришади.

Ўзига хос муҳит таъсиридаги 1789–1886 йиллар оралиғида пьесаларига нисбатан бўшроқлиги айтиладиган «Кешел Байроннинг касбкори», «Миси чиққан никоҳ», «Артист севгиси», «Ҳаваскор социалист» сингари романларни ёзиб тугатади. Адабиётдаги илк тажрибасини таҳлил қилган танқидчилар унда драматургга хос хусусиятлар — вазиятни парадоксга бой диалоглар билан лўнда очиб бериш куртак отганини пайқайди.

Фото: «Biographe»

Ишлари юришгандан-юришиб, шаҳар газеталаридан бирига ишга киради. 1890 йилларнинг биринчи ярмида «London World» журналида танқидчи сифатида фаолият бошлайди. Ўша вақтда социал-демократик ғояларга берилиб Фабиан жамиятига аъзо бўлади.

Жамият номи эҳтиёткорлиги, узоқни кўзлаши ва кутишни билгани боис ғалаба қозонган рим қўмондони Фабиус номига қўйилганди. Фабианларнинг асосий ғояси — социализм Британиянинг келгуси ривожланишнинг ягона йўли эканига ишониш ва бошқаларни ҳам бунга ишонтиришдан иборат эди.

Фото: «Biographe»

Социализмни мадҳ қилиб сўзлаган маърузаларидан бирида ёзувчи Уильям Арчер билан танишиб қолади. «Pall Mall Gazette»да ишлайдиган Арчер уни театр танқидчиси сифатида ишга таклиф қилади. Бунинг учун унга у ўша вақтгача қўлига ҳам ушлаб кўрмаган мўмай миқдордаги маблағ— ҳафтасига 40 фунт тўлашини айтади. Ишни пайсалга солмай бошлаб юборган Бернард киноя билан қоришган ҳазиллари сабаб жамоатчилик орасида тезда танилади.

Кейинчалик «Star» номли газетада Корно ди Бассето тахаллуси остида тақризлар ёзади. Бир вақтлар отасининг ичкиликка берилиб, бор-будидан айрилгани сабаб ўқишга топширолмаган, мажбурликдан виждонига қарши бориб харобадагилардан пул йиғиб юрган ирландиялик болакай, эндиликда ўзига хос услуб билан ёзувчилар орасида порлашни бошлайди.

Танқидий мақолалари сабаб Лондондаги «Мустақил театр» режиссёри Жейкоб Грейннинг эътиборига тушади. Режиссёр унга пьеса ёзиб кўришни тавсия қилади. Театр танқидчиси сифатидаги фаолияти давомида норвегиялик ёзувчи Ибсеннинг ижодига қизиқиб қолади. У вақт театрларда фақат Шекспирнинг пьесалари, шунингдек, кам аҳамиятга эга мелодрама ва комедияларгина қўйиларди. Ибсен эса ёзувчининг фикрига кўра, Европа драматургиясини янги босқичга олиб чиққан ҳақиқий новатор эди.

Сарказм ва ҳаётий воқеаларга бой «Уоррен хонимнинг касбкори» энг машҳур асарларидан саналади. Реалистик драма жанрини нозик ҳазил ва сатира билан бойитгани ҳисобига пьеса ўзига жалб қилмай қолмайди.

Ижоди

Фото: «Biographe.»

Шоунинг асарларида инглиз адабиёти ва театри учун ўткир ва долзарб, сиёсий ва ижтимоий мавзуларни кўтарадиган ижодкорнинг ислоҳ қилинган табиати намоён бўлади.

Ижодкор «Олма ортган арава», «Яхши қирол Карлнинг олтин кунларида», «Мафусаил сари орқага», «Авлиё Иоанна», «Ёмон бўлса ҳам, ҳақиқат», «Миллионер аёл», «Пигмалион», «Женева», каби асарларида ўтмиш ва ўша даврдаги воқеаларни турли ўзига хосликда очиб беролган. Қаҳрамонлар ўртасидаги можароларни ифодалаш борасида ҳеч ким унинг олдига туша олмасди. Асарларида ҳаракатдан кўра ўзаро мулоқот, диалог кўпроқ кўзга ташланади.

«Пигмалион» кўплаб илмий монография ва китобларга мавзу бўлган мураккаб асар ҳисобланади. Унинг марказида ночор гул сотувчиси Элиза Дулитл ва бадавлат жаноб Хигинснинг тақдири ётади.

Биринчи жаҳон уруши якунига етганидан кейин кескин муносабатларга сабаб бўлган «Юраклар вайрон бўлаётган хонадон» асарини тақдим қилади. Унда драматург амалдорлар ва бутун инглиз элитасини қаттиқ танқидга олади.

Бернард одатда гапирилмайдиган, яшириладиган мавзуларни қаламга олишдан чўчимаслиги билан бошқалардан фарқ қилади. Шу боис танқидчилар унинг асарларини «ёқимсиз» ва «ёқимли» пьесаларга бўлади. Ибсеннинг ижодидан илҳомланиб, 1885 йилда ёзилган «Тул хонадонлари» номли пьесаси танқидчилар таъбири билан айтганда мана шундай «ёқимсиз» ижод намуналаридан эди.

«Миссис Уореннинг касби» номли асарида эса ёшларнинг катталар хатосидан тўғри хулоса чиқаришга чорлайди. Унда енгилтаклик ортидан пул топиб, «ҳунари»идан воз кечишни истамайдиган асосий қаҳрамоннинг қизи, тўғри йўл билан нон топишни афзал билиб, уйини тарк этади.

Шахсий ҳаёти

Фото: «Biographe»

Адиб бўлажак рафиқаси — Шарлотта Пейн Таунсхендни социализмга маҳлиё бўлган кезлари, ўша жамиятдаги фаоллик даврида учратади. Бир-бирига қарашлари, дунёқараши мос тушган жуфтлик 1898 йилда турмуш қуради. Шарлотта бадавлат оиланинг қизи, аммо Шоуга бунинг сариқ чақалик қизиғи йўқ эди. Унинг мол-дунёга берилмаганини 1925 йил адабиёт бўйича Нобелга лойиқ топилсада, мукофот пулини олишдан воз кечгани, натижада маблағ таржимонлар жамғармасини ташкил этишга сарфланганидан ҳам билса бўлади.

45 йил давомида бирга яшаган жуфтликнинг фарзанди бўлмаган. Уларнинг ҳаётида ҳам барча сингари пасту баландликлар, орада уруш-жанжаллар бўлиб турарди. Аммо нима бўлмасин, драматург ҳаётининг иккинчи ярмини Хартфордширдаги икки қаватли, атрофи майсалар билан ўралган мўъжаз уйда, рафиқаси Шарлотта билан ўтказади. 1906 йилдан 1950 йилга қадар ушбу маскан неча-неча буюк асарларга гувоҳ бўлади.

1943 йилда турмуш ўртоғидан ажралиб қолган Бернард ҳаётининг сўнгги ойлари тўшакка михланиб, 1950 йил 2 ноябрда ҳаётдан кўз юмади. Ҳаёти давомида 60 дан ортиқ пьеса ёзган Бернард Шоу ХХ асрнинг энг яхши драматурги сифатида тарихда қолган.

Бернард Шоунинг иқтибослари 

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: