15:27 | 08.08.22

                       

ДТМ имтиҳон саволлари тарқалиб кетгани айтилган хабарларга муносабат билдирди

Таъкидланишича, интернетда асосий формулалар жадвали тарқалган ва у махфий эмас

Давлат тест маркази олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг саволлари тарқалиб кетгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Фото: Давлат тест маркази

Қайд этилишича, ОТМларга кириш тест синовларида абитуриентларга кимёвий элементлар даврий системаси берилади. 2020 йилдан бошлаб абитуриентларга физика фанидан «Доимий физик катталиклар ва шартли белгилашлар жадвали» ҳам берила бошланган. 2022 йилдан эса халқаро стандартлар ўрганилган ҳолда абитуриентларга кимё, физика ва математика фанларидан асосий формулалар жадвали ҳам берилмоқда.

«Лекин айрим Telegram каналларда мазкур материаллар расмга туширилган ҳолда тестлар ва формулалар машинада етказилмоқда деган мазмунда постлар қўйилмоқда. Қайд этиш керакки, расмдаги материаллар абитуриентлар учун тарқатиладиган асосий формулалар жадвали бўлиб, унда ҳеч қандай махфий маълумотлар мавжуд эмас», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, абитуриентларнинг тест топшириқлари Давлат тест марказининг махсус биносидан Давлат фелдегерлик хизмати томонидан қабул қилиниб, махфийлик таъминланган ҳолда тест синови ўтказиладиган жойларга етказилади ва қайта Давлат тест марказига олиб келинади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига 2022/2023 ўқув йили учун кириш тест синовлари 8 август кунидан бошланди ҳамда стадион ва хиёбонларда ўтказилмоқда. Тест синовида иштирок этиш учун «абитуриент рухсатномаси»ни бериш эса 4 августдан бошланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: