15:21 | 12.08.22

                       

Ўзбекистонда «Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони таъсис этилади

Кўкрак нишони билан мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган фуқаролар тақдирланади

Ўзбекистон Фанлар академияси «‘Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси’ кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Скриншот: «Regulation.gov.uz»

Қарор лойиҳасида «Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони таъсис этиш таклиф этилмоқда.

Кўкрак нишони билан сейсмик хавфсизлик таъминланишини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда мунтазам равишда такомиллаштиришга катта ҳисса қўшган ҳамда ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган фуқаролар тақдирланади.

Кўкрак нишони билан Ўзбекистон фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

Ўзбекистон сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини ривожланиши йўналишида фаолият юритаётган вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 1 августга қадар Фанлар академиясига тақдим этади.

Номзодлар бўйича тақдим этилган таклифларга илова сифатида номзод ҳақида маълумотнома, унинг сўнгги уч йил давомида сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги ва сейсмик хавфсизлик соҳасида амалга оширган ишлари акс эттирилган тавсифнома тақдим этилади.

Фанлар академияси президенти томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилади.

Комиссия йиғилишида номзодларнинг тегишли ҳужжатлари ўрганилиб, ҳар йили 20 августга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.

Аввалроқ Ўзбекистонда «Жисмоний тайёргарлик даражаси» ҳамда «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони таъсис этилиши хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда «Гидрометеорология хизмати аълочиси» кўкрак нишони таъсис этилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: