21:54 | 12.08.22

                       

Хоразмда ИИБ ходимлари эркакни калтаклагани юзасидан текширув бошланди

Ҳолат вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган

Хоразм вилояти прокуратураси Гурлан туманида ИИБ ходимлари фуқарога куч ишлатгани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Маълумотларга кўра, фуқаро Э.Р. ва Ш.Ю. Гурлан туман прокуратурасига мурожаат қилиб, унда туман ИИБ ходимлари куч ишлатиб, тан жароҳати етказишгани ва Ш.Ю туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилганини билдирган. Улар прокуратурадан ички ишлар ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар юзасидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, фуқаро Ш.Ю.да тан жароҳати бор ёки йўқлигини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси ва ИИБ ходимлари ҳаракатларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган. Ҳозирда мурожаатдаги ҳолатлар юзасидан Гурлан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда. Текширув вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Аввалроқ Самарқандда маҳалла раиси ва инспектор маст эркакка куч ишлатгани, Андижонда ИИБ ходими журналистга куч ишлатиб, телефонини олиб қўйгани, Наманганда ИИБ ходимлари фуқарони куч ишлатиб олиб кетгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: