19:50 | 19.08.22

                       

Самарқанд ва Тошкент вилоятларида имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланди

Хусусан, Иштихонда фермер хўжалиги раҳбари 780 млн сўмга хориждан олиб келинган қорамолларни сотиб юборган

Самарқанд ва Тошкент вилоятларида имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган МЧЖ ҳамда фермер хўжалиги раҳбарлари аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, департаментнинг Иштихон туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда «Х.Э.» фермер хўжалиги раҳбари М.Ж. хўжаликка чорвачиликни ривожлантириш ва хориждан наслли чорва молларини сотиб олиш учун ажратилган 780 миллион сўм имтиёзли кредит эвазига хориждан олиб келинган 31 бош наслли қорамолларни сотиб юбориб, кредит маблағини ўзлаштиргани аниқланган.

Шунингдек, Ангрен шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «М.О.» МЧЖга балиқчиликни ривожлантириш учун ажратилган 490 миллион сўм имтиёзли кредит маблағини МЧЖ раҳбари А.Ў. бошқа мақсадларда сарфлаб, ўзлаштириб юборгани маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Андижонда банкнинг собиқ ходимлари банкомат пулларини ўзлаштиргани, Самарқандда МЧЖ раҳбари 458 млн сўм кредит маблағани ўзлаштирган аниқлангани, Тошкентда катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбарларига жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: