15:03 | 25.08.22

                       

Беларусь компаниялари Ўзбекистонда дори ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин

Бундан ташқари, Беларусь тракторларини ишлаб чиқариш ҳам маҳаллийлаштирилади

Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Минскда Беларусь бош вазирининг ўринбосари Леонид Зайц билан учрашди, деб хабар беради «Dunyo» агентлиги.

Фото: «Dunyo» агентлиги

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, унда икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлигининг жорий ҳолати муҳокама қилинган.

Суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг бўлажак 9-йиғилиши доирасида йирик келишувларга эришишдан ўзаро манфаатдорлик билдирган.

Учрашувда саноат кооперациясини кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинган. «Беларусь компанияларига фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, Ўзбекистонда беларусь тракторлари, шунингдек, тижорат, йўл-қурилиш ва қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлик билдирилди», — дейилади хабарда.

Томонлар тайёр қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини учинчи мамлакатлар бозорларига экспорт қилиш учун қўшма фермер хўжаликларини ташкил этиш, шунингдек, «Агроехпресс» лойиҳасининг мавжуд ресурслари ва имкониятлари асосида Беларусь бозорига ўзбек мева-сабзавот маҳсулотларини тўғридан-тўғри етказиб беришни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.

Музокаралар якунида ўзаро муносабатларни чуқурлаштириш ва эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича навбатдаги тадбирлар белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Президент Шавкат Мирзиёев Беларусь делегациясига бошчилик қилаётган Беларусь бош вазири Роман Головченкони қабул қилганди. Учрашувда томонлар Ўзбекистон–Беларусь кўп қиррали ҳамкорлиги ривожида юқори суръат кузатилаётгани мамнуният билан қайд этган эди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: