0:47 | 26.08.22

                       

Бухорода ўзгаларнинг пластик картасидан пулларни ечиб келган талаба фош этилди

Ҳозирда унинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда

Бухоро вилояти Жондор туманида ўзгаларнинг пластик карталаридаги пулларни ўзлаштириб келган андижонлик талаба аниқланди, деб хабар берди вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати.

Фото: «Bugun.uz»

Tуман ички ишлар бўлими томонидан берилган маълумотга кўра, номаълум шахс 27 май куни туманнинг «Чорзона» маҳалласида яшовчи Й.М.нинг пластик картасидан 1 миллион сўм, 19 июнь куни «Алели» маҳалласида яшовчи Б.А.нинг пластик картасидан 800 минг сўм, 21 июнь куни эса «Далмун» маҳалласида яшовчи М.Ф.нинг пластик картасидан 800 минг сўм пулларни алдов йўли билан қўлга киритиб, фирибгарлик жиноятини содир этган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан туман Ички ишлар бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас тезкор-техник, суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Натижада ушбу жиноятларни Андижон вилояти Балиқчи тумани «Нурафшон» маҳалласида яшовчи, Андижон давлат тиббиёт институтининг 24 ёшли  талабаси Й.Ҳ. содир этгани аниқланган.

«Ҳозирги кунда ушбу шахснинг вилоятимиз ҳамда республиканинг бошқа ҳудудларида содир этилиб, фош этилмасдан қолаётган бу турдаги жиноятларга алоқадорлигини аниқлаш борасида тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.

Бундан олдин Самарқандда фуқароларнинг пластик карталаридан пулларини ечиб олган йигитга чора кўрилгани ва Telegram’даги гуруҳ маъмурлари карталаридан пул ечиб олган 10-синф ўқувчиси ушлангани хабар қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: