15:47 | 02.09.22

                       

Афғонистонда жума намози пайтида масжид портлатилди — видео

Ҳодиса оқибатида «Толибон» ҳаракатини қўллаб-қувватлаши билан танилган масжид хатиби ҳалок бўлган

Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги Гўзаргоҳ масжидида 2 сентябрь куни жума намози пайтида портлаш содир бўлди. Бу ҳақда «Sputnik Афганистан» хабар берди.

Кадр: Telegram/ mobilmuxbiruz

«Tolo news» дастлабки маълумотларга таяниб, портлаш оқибатида «Толибон» ҳаракатини қўллаб-қувватловчи баёнотлари билан танилган масжид хатиби Мужиб ар-Раҳмон Ансорий ҳалок бўлганини маълум қилган.

Кейинчалик Ҳирот губернаторлиги матбуот хизмати Мужиб ар-Раҳмон Ансорий ва яна 6 кишининг ҳалок бўлганини расман тасдиқлаган. Полиция эса ҳужум қурбонлари сони 29 кишига етганини таъкидлаган.

Маълумотларга кўра, «Толибон» ҳаракати бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдулғани Бародар 2 сентябрь куни Ҳиротга бориб, бир неча соатдан кейин жума намози вақтида масжиддаги портлашда ҳалок бўлган Мужиб ар-Раҳмон Ансорий билан биргаликда иқтисодий форумда нутқ сўзлаган. Аммо унинг масжиддаги жума намозида бўлган ёки йўқлиги ҳозирча номаълум.

Эслатиб ўтамиз, 21 апрель куни Мозори Шариф шаҳридаги «Се Докон» масжидида ҳам портлаш бўлган. Ҳодиса оқибатида беш киши ҳалок бўлгани, 65 киши жароҳатлангани айтилган. Айрим манбалар 18 киши ўлгани ва 30 киши жароҳатланганини хабар берган. Худди шу кун йўл четида ўрнатилган бомба оқибатида «Толибон» полицияси пикапи портлатилган. Ҳодисада ҳаракатнинг 4 нафар аъзоси ҳалок бўлган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: