20:15 | 03.09.22

                       

Ўзбекистонда яна 10 та соҳа вакиллари даромад солиғидан озод қилинди

Президент бу бўйича қарорни имзолади

«Норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг ахборот канали хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қарорга кўра, 2022 йил 1 ноябрдан қуйидаги 10 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади:

  • уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати;
  • автомобиль бозорларида воситачилик хизмати;
  • риэлторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш);
  • уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати;
    маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар);
  • гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш);
  • тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш;
  • ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш;
  • уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш;
  • кулолчилик.

Шунингдек, 2023 йил 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан йилига БҲМнинг бир бараваригача камайтирилади (савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар бундан мустасно). 2023 йил 1 январдан ўзининг шахсий томорқа ер участкасида қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади:

  • чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар);
  • иссиқхона;
  • паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак);
  • қуёнчилик;
  • асаларичилик;
  • балиқчилик;
  • боғдорчилик;
  • лимончилик;
  • гулчилик.

Аввалроқ Ўзбекистонда 9,2 трлн сўм ҚҚС суммаси тадбиркорларга қайтарилгани ҳақида хабар берилганди. Солиқ қўмитаси ҚҚСга боғлиқ 7 ойлик маълумотларни эълон қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: