9:21 | 16.09.22

                       

Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станцияларини харид қилганлик учун компенсация тўланади

Компенсация миқдори қурилманинг қувватидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади

«Энергия тежайдиган технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони имзоланди.

Фото: «Bugun.uz»

Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб:

  • жисмоний шахслар мамлакатда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станциялари ва қуёш сув иситгичларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олишлари мумкин;
  • шунга ўхшаш қурилмаларни ўрнатган ва уларнинг қийматини тўлиқ тўлаган шахсларнинг харажатларининг бир қисми Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия тежаш жамғармаси ҳисобидан қопланади. Компенсация миқдори қурилманинг қувватидан келиб чиққан ҳолда БҲМнинг 5 бараваридан 50 бараварини ташкил этади.
  • маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан, шунингдек маҳаллий чакана савдо объектларида, шу жумладан электрон тижорат орқали қурилмаларни етказиб берадиган ва ўрнатадиган корхоналардан қурилмалар сотиб олинганида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади.

Шунингдек:

  • ҳудудлардаги 34 мингдан ортиқ объектларда, шу жумладан 619 “Янги Ўзбекистон” массивларида ва вилоятлардаги 28 мингдан ортиқ уй хўжаликларида муқобил энергия манбаларини жорий етиш;
  • вазирликлар ва идоралар таркибидаги 6 мингдан ортиқ объектларда муқобил энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш (2023 йил якунлари бўйича);
  • “Темир дафтар”га киритилган оилаларни маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қайта тикланувчи энергия қурилмалари билан таъминлаш (2022 йилда эҳтиёжманд оилаларнинг 20 фоиз, 2023 йилда 80 фоиз);
  • қурилмалар эгалари (жисмоний ва юридик шахслар) томонидан қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясини  сотиш имконияти (фақат “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва давлат томонидан ваколат берилган органга бундай энергияни сотиб олишга рухсат берилган, бунда электр энергиясини харид қилиш камида ўн йил муддат давомида амалга оширилади);
  • асосий фаолияти қуёш, шамол электр станциялари ва кичик ГЭС ишлаб чиқариш ва ўрнатиш бўлган юридик шахслар, шу жумладан, 2025 йилгача ташкил этилган янги юридик шахслар тадбиркорлик субъектлари сифатида рўйхатдан ўтган кундан бошлаб 3 йил давомида фойда солиғи ва мол-мулк солиғини белгиланган ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида тўлайди.

Бундан ташқари, 2023 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий иссиқлик таъминоти тизимларига уланган барча (давлат ва хусусий) янги ва реконструкция қилинган ижтимоий объектларни, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектларини, кўп қаватли уйларни, шунингдек майдони 1 000 метр квадратдан ортиқ бўлган барча савдо марказларини лойиҳалаштириш ва ишга туширишда иссиқ сув ҳажмининг камида 25 фоизи қуёш сув иситиш қурилмаларини ўрнатиш орқали қопланишини таъминлаш лозим.

Фармонда Президентнинг айрим ҳужжатларига бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда. Мисол учун, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланган энергия самарадорлиги «D»ва ундан қуйи тоифадаги энергия сарфловчи маиший электр приборлари рўйхатини белгиловчи 2019 йил 22 августдаги ПҚ-4422-сон қарорга қўшимча киритилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада қуввати 1200 мегаватт бўлган қуёш электр станцияси қурилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда яна 8 та электр станцияси қурилиши маълум қилинган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: