17:27 | 09.11.24

                       

16 ёшли йигит бегоналар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди

Бухоронинг Шофиркон туманида 16 ёшли йигит бир неча кишининг номига жами 100 млн сўм кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди.

Бухоро вилояти Шофиркон туманида 16 ёшли йигит бир неча киши номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. Бу ҳақда «Bu kun» информацион дастурида маълум қилинди.

Видеодан кадр

Шофиркон туманида PayNet шохобчасида ишлаган 16 ёшли йигит бир неча шахслар номига яширин равишда онлайн кредитлар расмийлаштиргани аниқланди. Аниқланишича, у фуқароларга SIM-карта бериш жараёнида уларнинг фотосуратларини идентификация учун олган, сўнг уларнинг телефон рақами ва фотосуратларидан фойдаланиб, мобил илова орқали улар номига кредит расмийлаштирган.

2024 йилнинг 24 май куни Шофиркон тумани ИИБга Исқоғар маҳалласида яшаувчи бир фуқаро номига 54 миллион сўм кредит олингани ва унинг пластик картасидан ушбу қарз учун тўловлар ечилгани ҳақида шикоят қилган. Бу ҳолат бўйича номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисмига кўра жиноят иши қўзғатилган ва Бухоро вилояти ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилган.

Тезкор текширувлар натижасида ушбу жиноятни 2008 йилда туғилган йигит содир этганлиги аниқланган. Йигит жами 100 миллион сўмга яқин онлайн кредитлар олиб, уларнинг бир қисмини онлайн қимор ўйинларига сарфлаган. У илова орқали ҳар бир мижоз номига 15-20 миллион сўмлик кредитлар расмийлаштирганини тан олган.

Ёш йигитга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмига асосан жиноят иши қўзғатилиб, ҳибсга олинган. Жабрланган бошқа шахслар бўлиши эҳтимоли сабабли суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.