11:29 | 21.09.22

                       

Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди

Захирадаги ва хизматни ўтаганлар ҳарбий хизматга чақирилади

Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилди, тегишли қарор имзоланган. Давлат раҳбарининг мурожаати тўғридан-тўғри трансляция қилинган, деб хабар беради «RBK».

Фото: «РИА Новости»

«Мазкур ҳарбий хизматга фақат ҳозирда резервда бўлган ва биринчи навбатда Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, муайян ҳарбий мутахассислик ва тегишли тажрибага эга бўлган фуқароларгина чақирилади», — дейди Путин.

Ҳарбий хизматга чақирилганлар қисмларга юборилишдан аввал мажбурий тартибда махсус ҳарбий операция тажрибасидан келиб чиқиб, қўшимча ҳарбий тайёргарликдан ўтказилади. Сафарбарлик доирасида чақириладиган фуқаролар шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар мақомига, маошига ва ижтимоий кафолатларига эга бўлади.

Сафарбарлик тадбирлари 21 сентябрдан бошланади. Путин вилоятлар раҳбарларига «ҳарбий комиссариатлар ишида барча зарур ёрдамларни кўрсатиш» бўйича топшириқ берган.

Имзоланган қарор бўйича расмий хат Федерация кенгаши ва Давлат Думасига юборилади.

Аввалроқ Зеленский Россияни Жанубий Украина АЭСни ўққа тутишда айблагани, Байден эса Путинни Украинада ядро қуролидан фойдаланмаслик ҳақида огоҳлантиргани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Россия президенти ядро урушида ғолиб бўлиши мумкин эмаслигини маълум қилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: