14:44 | 21.09.22

                       

Сергей Шойгу армияга кимлар чақирилишини маълум қилди — видео

Унинг айтишича, қисман сафарбарлик орқали 300 минг киши хизматга жалб этилади

Россия бугунги кунда фақат Украина билан эмас, балки коллектив Ғарб ва НАТО билан урушмоқда. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу «Россия 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Фото: «РИА Новости»

Шойгунинг сўзларига кўра, Киевда ғарб қўмондонлиги ўрнатилган бўлиб, улар операцияларни бошқармоқда. Украинада бўлган собиқ совет даврига тегишли қурол-яроғлар деярли тугаган. «Эндиликда улар Ғарб омборларида бўлган бачра нарсани олиб чиқди. Бизга қарашли деярли бутун НАТОнинг сунъий йўлдош гуруҳи ишлаяпти: 70 дан ортиқ ҳарбий ва 200 дан ортиқ фуқаролик сунъий йўлдошлари бизнинг бўлинмалар жойлашган ҳудудларда разведка ишларини амалга оширяпти», — дейди мудофаа вазири.

Унинг қайд этишича, дастлабки босқичда Украина Қуролли Кучлари таркибида 200 минг киши бўлган. Ўтган вақт давомида улар 100 мингдан ортиқ йўқотишларни бошдан ўтказган — армиясининг ярми ҳалок бўлган. Шу сабабли Украинада сафарбарликнинг тўртинчи тўлқини ўтказилган бўлиб, қарийб 300 минг киши хизматга чақирилган. Россия мудофаа вазирининг таъкидлашича, Россия томонидан ҳозирга қадар 5937 киши ҳалок бўлган.

https://www.youtube.com/watch?v=FJ5Le1RO33o

«Қисман сафарбарлик доирасида 300 минг захирадаги фуқароларни чақирамиз. Булар хизмат қилган, муайян мутахассисликка, жанговар тажрибага эгалардир. Муддатли ҳарбий хизматчилар ва талабаларни чақирмаймиз. Бизнинг сафарбарлик ресурсимиз улкан — 25 миллиондан ортиқ. Яъни сафарбарлик унинг 1 фоизига таъсир кўрсатади. Бу ишлар режали амалга оширилади. Бунда барчани тез қамраб олиш учун комбайн каби иш кўрилмайди», — дейди Шойгу.

Россия мудофаа вазирига кўра, режа бўйича сафарбарлик йиғинлари ўтказилиши керак бўлган, бироқ энди бу ишлар амалга оширилмайди ва қисман сафарбарлик билан шуғулланилади. «Белгиланган муддатлар ўзгариши мумкин, аммо махсус операция олдига қўйилган асосий вазифа бажарилмоқда. Табиийки, унинг амалга ошиши учун қўлган келган барча ишни амалга оширяпмиз», — дея таъкидлайди у.

Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилди ва тегишли қарор имзоланди. У ҳарбий хизматга чақирилганлар қисмларга юборилишдан аввал мажбурий тартибда махсус ҳарбий операция тажрибасидан келиб чиқиб, қўшимча ҳарбий тайёргарликдан ўтказилишини маълум қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: