10:01 | 23.09.22

                       

Ўзбекистонда август ойида уй-жой савдоси 30 фоизга ошган

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бунинг сабабини маълум қилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг таҳлилига кўра, август ойида Ўзбекистонда уй-жой савдоси 30 фоизга ошганини кўрсатди.

Фото: «Bugun.uz»

Бу ипотека кредитлаш ҳажми кескин ўсиши билан изоҳланмоқда. Яъни кредитлаш ҳажми барча ҳудудларда сотувларнинг ижобий динамикасига таъсир кўрсатган.

Август ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 26,5 мингтани ташкил этган, бу 2022 йилнинг июль ойига (20,3 минг) нисбатан 30 фоизга (+6,2 минг) кўп. Шунингдек, йил бошидан буён уй-жой савдосининг ўсиши 8,5 фоизни (172,7 минг) ташкил этган.

Август ойида ипотека кредитлаш ҳажмининг июль ойига нисбатан 37 фоизга кескин ўсиши (1,1 триллион сўмдан 1,5 триллион сўмгача) барча ҳудудларда савдо ҳажмининг ижобий динамикасига таъсир кўрсатган. 2021 йил август ойи билан таққослаганда кўчмас мулк олди-сотди бўйича шартномалар сони 22 фоизга (4,7 мингта) ошган.

Ҳисоб-китобларга кўра, август ойида иккиламчи бозорда уй-жой ўртача нархлари ўсиши ойига 0,5 фоизни ташкил этган (июнь ойида — 2,7 фоиз, июль ойида — 2,5 фоиз).

Уй-жой нархининг сезиларли ўсиши Хоразм (6,1 фоиз), Қашқадарё (1,9 фоиз) ва Фарғонада (1,8 фоиз) кузатилмоқда. Аксинча, пасайиши эса Сурхондарё (5,3 фоиз), Андижон (2,1 фоиз), Сирдарё (1,2 фоиз) ва Навоийда (1,1 фоиз) қайд этилган.

Тошкент шаҳрида иккиламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиши бироз секинлашган ва 1,4 фоизни ташкил этган (июнь ойида 2,4 фоиз, июль ойида 2,9 фоиз). Уй-жой нархининг энг катта ўсиши Чилонзор, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида қайд этилган. Сергели туманида нархлар пасайиши кузатилган.

Шу билан бирга, йил бошидан буён пойтахтда уй-жой ўртача нархи 13 фоизга (республика бўйича 7 фоиз) ошган. Бу уй-жойга бўлган талабнинг, шу жумладан, чет эл фуқароларининг кириб келиши кўпайиб бораётгани билан изоҳланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ярим йилда аҳоли сотиб олган уйларнинг 28 фоизи ипотека кредитлари ҳисобига молиялаштирилгани, Президент Тошкентда иш бошлаган ипотека марказини бориб кўргани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: