22:05 | 26.09.22

                       

Россияни 260 мингдан ортиқ эркак тарк этди — ОАВ

Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин мамлакатни оммавий тарк этиш бошланган. Президент администрациясидаги манбага кўра, куч тузиламалари ва Мудофаа вазирлиги Путинни кеч бўлмасидан чегараларни ёпишга кўндирмоқчи

Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин мамлакатни 261 минг эркак тарк этди. Бу ҳақда Россия Президенти администрациясидаги манбасига таяниб, «Новая газета. Европа» хабар берди.

Фото: «74.ru»

Қайд этилишича, Президент администрациясида чақирув ёшидаги эркаклар учун чегараларни ёпиш масаласи 21 сентябрда, куч тузилмаларига Россиядан чиқиб кетаётган эркаклар сонига оид маълумотлар келиб тушганидан кейин бошланган. Манбага кўра, Федерал хавфсизлик хизматининг 25 сентябрь ҳолатига оид сўнгги маълумотномасида 261 минг эркак Россиядан кетиб бўлгани келтирилган.

«Вазият куч тузилмалари ва Мудофаа вазирлиги Путинни кеч бўлмасидан чегараларни ёпишга кўндиришга тайёр ҳолатда», — дейди нашр манбаси. Шу билан бирга, «ушбу раҳбарларнинг сентябрь ойининг иккинчи ярми бўйича президент билан учрашувлари белгиланмаган».

Россия Президенти администациясининг яна бир ходимининг қайд этишича, давлат раҳбарида чегараларни ёпиш бўйича қарор лойиҳасини ҳозирча кўрмаган. Meduza’нинг ёзишича, Россия чегаралари 27 сентябрь куни тугайдиган «референдумлар» якунига қадар ёпилмайди, аммо «мамлакатдан оммавий чиқиб кетишлар» давом этса, вазият ўзгариши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди. Шундан сўнг мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарликка кимлар жалб қилиниши ҳақида маълумот бериб, уларнинг сони 300 мингга етишини билдирди. Шу куни кечаси Россия бўйлаб сафарбарликка қарши ўтказилган акцияларда 1,4 мингдан ортиқ одам ушланган. Германия сафарбарликдан қочган россияликларга бошпана беришга тайёрлиги маълум қилган.

Аввалроқ Москвадаги бир нечта полиция идорасида 21 сентябрь куни ўтказилган сафарбарликка қарши норозилик намойишларида қўлга олинган фуқароларга «военкоматга» бориш бўйича чақирув қоғозлари берилгани айтилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: