8:50 | 30.09.22

                       

ТИВ Ўзбекистонга келаётган россияликлар бўйича баёнот берди

Унда таъкидланишича, ҳуқуқбузарлик содир қилмаган хорижликлар мажбурий депоратация қилинмайди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сўнгги вақтларда фуқаролардан Украина атрофидаги вазият бўйича мурожаатлар кўпайгани муносабати билан айрим масалаларга ойдинлик киритди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда фуқаролардан Украина атрофидаги вазият бўйича айрим масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаатлар кўпайган.

Баёнотда таъкидланишича, Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатини амалга оширишда миллий манфаатларга, асосий тамойиллар саналувчи, жумладан, очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, суверенитет, ҳудудий яхлитликни ҳурмат қилиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик каби устуворликларга доимо содиқдир.

Ўзбекистон мавжуд вазиятни халқаро ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этиш учун шартларни имкон қадар тезроқ ишлаб чиқиш тарафдоридир.

«Ўзбекистон ҳудудига келаётган Россия фуқаролари сонининг кўпайишига тўхталадиган бўлсак, уларнинг мамлакатимизда бўлиш масаласи, шунингдек, эҳтимолий экстрадиция қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги, икки томонлама ва кўп томонлама ҳуқуқий ҳужжатлар асосида тартибга солинишини қайд этамиз. Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлик содир қилмаган хорижий давлат фуқаролари мажбурий депортация қилиб юборилмайди», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилганди. Шундан сўнг мудофаа вазири Сергей Шойгу сафарбарликка кимлар жалб қилиниши ҳақида маълумот бериб, уларнинг сони 300 мингга етишини билдирди. Шу куни кечаси Россия бўйлаб сафарбарликка қарши ўтказилган акцияларда 1,4 мингдан ортиқ одам ушланган. Германия сафарбарликдан қочган россияликларга бошпана беришга тайёрлиги маълум қилган.

Россия Президенти администрациясидаги манбага кўра қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин мамлакатни 261 минг эркак тарк этган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: