10:22 | 03.10.22

                       

Евроиттифоқ етакчилари Украинага ҳарбий ёрдам ва Россияга санкциялар қўллашни муҳокама қилади

АҚШ Украинага ҳар ой 1,5 млрд доллар ёрдам кўрсатишни режалаштирмоқда

Европа Иттифоқига аъзо давлатлар 6-7-октабрь кунлари Чехияда ўтказиладиган саммитда Украинага кўрсатиладиган ёрдамни, шунингдек, Россияга нисбатан янги чекловларни муҳокама қилади. Бу ҳақда Еврокенгаш раҳбари Шарль Мишель томонидан йўлланган мактубда маълум қилинган.

Фото: Anadolu

«Украина ва унинг халқи билан бирдамлигимиз бузилмайди. Россия ҳарбий можарога барҳам бериш учун босимни янада ошириш бўйича чеклов чораларимизни кучайтиришда давом этамиз. Учрашувимизда Украинага қанча талаб этилса, шунча иқтисодий, ҳарбий, сиёсий ва молиявий ёрдам беришни давом эттиришни муҳокама қиламиз», — дейди Шарль Мишель.

Европа Иттифоқи етакчилари учрашувда, шунингдек, «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурининг сизиб чиқишидан кейин муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш чораларини ҳам муҳокама қилади.

Bloomberg агентлиги маълумотларига кўра, ЕИ аъзолари Россия билан ҳарбий можаро давомида Украина бюджетига ойлик траншлар ажратадиган мунтазам ёрдам механизмини жорий қилмоқчи. Улар ушбу механизмни Чехия саммитида муҳокама қилади. Агентликка кўра, АҚШ Украинага ҳар ой 1,5 миллиард доллар тўлашни ҳамда Европа Иттифоқи раҳбариятини ҳам шу каби чораларни қўллашга кўндиришни режалаштирмоқчи.

Аввалроқ Байден ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожьедаги референдумлар сабаб Россияга санкциялар ваъда қилганди. Шунингдек, Украинада давом этаётган уруш фонида Европа Комиссияси 28 сентябрь куни Россияга қарши янги санкциялар, жумладан, нефть нархининг юқори чегарасини жорий этиш бўйича таклифларни эълон қилган. «Катта еттилик» давлатлари ҳам Кремль референдумлари ва сафарбарликни қоралаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: