15:54 | 04.10.22

                       

Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия президенти билан учрашуви бўлиб ўтди

Шавкат Мирзиёев Каталин Новакни Ўзбекистонга боришга таклиф қилди

Будапешт шаҳридаги Шандор саройида Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия президенти Каталин Новак билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, учрашув аввалида давлат раҳбари Фахрий меҳмонлар китобида қайд қолдирган ва етакчилар биргаликда суратга тушган.

Президентлар Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашган.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Венгрия халқларининг азалий тарихий алоқалари, муштарак қадриятлари ва ўхшаш менталитети дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш учун пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланган. Арминий Вамбери ва Исхак Ибрагим каби шарқшунос олимлар тарихий ришталар ва бой маданий меросни ўрганишга катта ҳисса қўшгани алоҳида қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани, сиёсий мулоқот чуқурлашиб, ўзаро кўмак давом эттирилаётгани, парламентлараро ва жамоатчилик алоқалари кенгайиб бораётгани таъкидланган.

Шу билан бирга, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш устувор аҳамиятга эга экани қайд этилган. Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробар ошгани айтилган.

Бу борадаги ишларни фаоллаштиришда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон—Венгрия ҳукуматлараро комиссияси ва 3 октябрь куни Будапештда иккинчи йиғилишини ўтказган Ўзбекистон—Венгрия Ишбилармонлар кенгаши муҳим ўрин тутаётгани маълум қилинган.

Томонлар Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ преференциялар тизимига қўшилгани ўзаро савдони салмоқли даражада кўпайтириш ва диверсификация қилиш учун янги имкониятлар очишини таъкидлаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон—Венгрия ҳамкорлигини ривожлантиришда маданий-гуманитар соҳа алоҳида ўринга эга. Венгрия ҳукумати «Хунгарикум» дастури доирасида ўзбекистонлик талаба ва докторантлар учун ҳар йили ажратиладиган квотани 170 тагача ошириш тўғрисида қарор қабул қилгани айтилган.

Ўзбекистон ва Венгрия олий таълим муассасалари ректорларининг иккинчи форумини ўтказиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилган.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги фаол мулоқотни ва ўзаро кўмакни давом эттириш масалаларини муҳокама қилишган.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Венгрия президентини ўзи учун қулай вақтда ташриф билан Ўзбекистонга боришга таклиф қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Венгрия қаҳрамонлари пойига гулчамбар қўйгани маълум қилинганди. Шунингдек, Венгрияда Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди. Олий мартабали меҳмон шарафига пиёда ва отлиқ аскарлардан иборат фахрий қоровул саф тортган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: