14:35 | 06.10.22

                       

Шавкат Мирзиёев Сирдарёдаги фермер хўжаликларини кўздан кечирди — фото

Президент шу ерда деҳқончилик қилаётган ёшлар билан ҳам суҳбатлашган

Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигидаги ишлар ҳолати, аҳоли ҳаёти билан танишиш мақсадида 6 октябрь, пайшанба куни Сирдарё вилоятига келди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, бу йил вилоятда 75 минг гектар майдонда пахта етиштирилан. Айни пайтда қарийб 80 минг гектар ерга ғалла экилмоқда. Давлат раҳбари Сирдарё туманидаги «Арслон бобо» ва «Омонбой ўғли Тугал» фермер хўжаликлари даласини кўздан кечирган. Президент шу ерда сирдарёлик фермерлар, нуронийлар билан суҳбатлашган.

«Халқимиз ъмеҳр кўздаъ деганидек, сизлар билан кўришиб, ҳорманглар деб келдим. Адолатли ҳакам бўлса, айтиш мумкинки, Сирдарёда ҳам ўзгариш бўлаяпти. Лекин замон шундай шиддат билан ўтаяптики, одамларнинг ниятлари илгарилаб кетяпти. Шунга яраша шароит яратиш, халқимиз талабини қондириш учун янги-янги режалар қилишимиз керак. Бугун азиз Сирдарё аҳлига раҳмат айтиш билан бирга, эришилаётган натижалар бардавом бўлиши учун, туманларнинг, одамларнинг бири икки бўлиши учун зарур йўналишларни белгилагани келдик», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Фермерлар қишлоқ хўжалигида имкониятлар кенгайиб, манфаатдорлик ошгани, мажбурий меҳнат тугатилгани, қўшимча маҳсулотлар етиштирилаётганини айтган.

«Ер — халқимиз ризқ-рўзи манбаи. Бир пайтлар пахта майдонидан бир гектар ажратиш жиноят эди, такрорий экин эккан таъқиб қилинарди. Мана, ҳозир 80 минг гектар пахта ва ғалла майдонларини аҳолига бердик, ҳали яна берамиз. Улардан олинган маҳсулот ҳам халқимизникику. Бозорга маҳсулот, оилаларга даромад бўладику. Бугун республикадан келган раҳбарлар ва ҳокимлар яна 7,5 минг гектар ер ажратилса, Сирдарё вилоятида ишсизликни йўқ қилиш бўйича таклиф бераяпти. Мен буни, албатта, қўллаб-қувватладим», — дейди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари шу ерда деҳқончилик қилаётган ёшлар билан ҳам суҳбатлашган. Улар мазкур фермер хўжаликлари даласидан 0,5 гектардан ер олиб, мош, сабзи, пиёз, саримсоқпиёз етиштираётганини сўзлаб берган. Бундан олган даромади ҳисобидан университетда ўқиш, уйини бутлаш режаларини маълум қилган.

Президент Сайхунобод туманидаги «Шукроналик мўъжизалари» фермер хўжалиги даласида ҳам бўлган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хўжаликнинг умумий ер майдони 70 гектар. 2022 йилда 25 гектарга пахта, 45 гектарга ғалла экилган. Ҳосилдорлик меҳнатга яраша – юқори. Мамлакатда қайси маҳсулот кўпроқ даромад келтирса, ўшани экишга эътибор ортаётгани ҳам қишлоқ хўжалигида яхши самара бермоқда. Бу фермер хўжалиги ҳам ғалладан бўшаган майдондан яхши даромад олади. Хусусан, бу йил 45 гектар майдонга такрорий экин сифатида мош экилган.

Шу ерда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари ва мутасаддилари билан мулоқот бўлган. Давлат раҳбари инновация ва нав эвазига ҳосилдорликни ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш ва ҳисобини юритиш зарурлигини таъкидлаган. Фермер ва ишчиларнинг маиший шароитларини яхшилаш, хусусан, улар учун кичик, арзон уйлар қуриш бўйича кўрсатма берилган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: