16:42 | 06.10.22

                       

Наманганда ўқувчилар ўқитувчини калтаклагани айтилган видеога муносабат билдирилди

ХТВ матбуот котиби жанжал нима сабабдан келиб чиққанини маълум қилди

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова Наманганда ўқитувчи ўқувчилар томонидан калтаклангани айтилган хабарларга муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Ижтимоий тармоқларда вилоятнинг Косонсой туманидаги 29-мактабда «ўқувчилар ўқитувчини калтаклашди» мазмунида видео тарқалди.

Наманган вилояти Халқ таълими бошқармасидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, ўқувчи ва ўқитувчи ўртасида юзага келган келишмовчилик сабаб ўқитувчи ўқувчини синфдан чиқариб юборган. Ўқувчи эса синфга қайтиб кириб, ўқитувчига қўл кўтарган. «Қолган ўқувчилар эса ўқитувчи ва ўқувчини ажратганини видеодан ҳам кўриш мумкин», дейилади муносабатда.

Айни вақтда мазкур ҳолат Наманган вилояти Халқ таълими бошқармаси ҳамда ички ишлар ходимлари томонидан ўрганилмоқда. Таъкидланишича, ўрганиш натижалари бўйича аниқ маълумотлар тақдим этилади.

Аввалроқ Бухородаги таълим муассасасида ўқитувчи ўқувчини бўғгани, Бандихон туманида ўқитувчи дарсга тайёрланмаган ўқувчини калтаклагани тўғрисида хабар берганди. Шунингдек, Андижон вилояти Асака туманида ўқитувчи кетма-кет икки кун дарсдан қочиб кетиши ва дарс жараёнларига қатнашмаётгани сабаб  ўқувчи қизни калтаклаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: