20:11 | 06.10.22

                       

Ўзбекистон ва Қирғизистон Кампир-Обод сув омборини биргаликда бошқаради

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари мазкур сув омборини бошқариш бўйича қўшма корхона тузади

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари икки давлат чегарасидаги Кампир-Обод сув омборини бошқариш бўйича қўшма корхона тузади. Бу ҳақда Садир Жапаров Facebook’даги расмий саҳифасида маълум қилди.

«Умуман олганда, баҳсли ерларнинг деярли 99 фоизи бизнинг фойдамизга ҳал бўлди. Кампир-Обод авваллари тўлиқ ўзбек томони назоратида бўлган, аммо энди биз 50/50 улушга эга қўшма корхона тузамиз ва тўғонини биргаликда бошқарамиз, деб келишиб олдик», — деб ёзган Қирғизистон президенти.

Унга кўра, иншоотдаги сув сатҳи 908-горизонталдан 900-гача пасаяди. Натижада сув омбори қирғоғидаги 1246 гектар ер бўшатилади ва қирғиз халқи ундан қишлоқ хўжалигида фойдаланиши мумкин бўлади.

Шунингдек, Жапаров Ўзбекистон билан чегараларни делимитация қилиш бўйича музокаралар натижалари маълум вақтдан кейин эълон қилинишини айтган.

«Бу хабарни хурсандчилик билан қабул қиласиз. Бир сантиметр ер ҳам берганимиз йўқ. Биз, аксинча, фақат қабул қилдик», — деган Садир Жапаров.

1983 йилда қурилган бу иншоот Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ва Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятлари чегарасида жойлашган. Унга Тар, Қоракўлжа ва Қорадарё сувлари қуйилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон умумий чегаранинг 94 фоиздан ортиғини келишиб олгани хабар берилганди. Шунингдек,  Ўзбекистон Ункар-Тоони беришга, Қирғизистон эса Сўх йўлини очишга келишиб олгани маълум қилинганди. Ҳамда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумати делегациялари ўртасида Фарғонада бўлиб ўтган музокаралар давомида чегара бўйича протокол имзоланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: