17:55 | 07.10.22

                       

БМТда Шинжондаги уйғурларга нисбатан жиноятларни текширишга 19 та давлат қарши чиқди

Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)да Шинжондаги уйғурларга нисбатан жиноятларни текширишга Ўзбекистон ва яна 18 та давлат қарши чиқди. Бу ҳақда ташкилотнинг 6 октябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш сессиясида маълум қилинди.

Қайд этилишича, сессияда 47 та қонун лойиҳаси бўйича биринчи овоз бериш бўлиб ўтган. Кенгашга Шинжон-Уйғур мухтор вилоятида инсон ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиш ва шу юзасидан махсус йиғилиш ўтказиш сўрови овоз бериш якунларига кўра рад этилган.

Лойиҳага Покистон, Қатар, Индонезия, Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон ва Ўзбекистон каби давлатлар қарши чиққан. Шарқий Туркистондаги мусулмонларнинг хўрланиши масаласини муҳокама қилишни Германия, Чехия, Финляндия, Полша, Жанубий Корея, Америка Қўшма Штатлари (АҚШ) каби давлатлар ёқлаб чиққан.

Бу билан Хитойнинг мусулмон аҳолиси ҳуқуқларининг бузилиши масаласи БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши кун тартибига киритилмаган.

Аввалроқ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачалет бошқармаси Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор туманидаги қонунбузарликлар ҳақида маъруза эълон қилган. Унда келтирилишича, Хитой ҳукумати минтақада терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар доирасида инсон ҳуқуқларининг «жиддий бузилишлари»га йўл қўйган.

2017 йил баҳоридан буён Шинжон-Уйғур мухтор тумани ҳукумати туб аҳоли вакиллари, хусусан, уйғурлар, қозоқлар, дунганларга нисбатан махфий сиёсат олиб бормоқда, уларнинг кўпчилиги «қайта тарбияланиш» учун концлагерларга юборилмоқда. БМТ экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, лагерлардаги маҳбуслар сони бир миллиондан ошади. Канада, Франция, Германия, АҚШ аввалроқ Пекинни бу лагерларни ёпишга чақирган.

Пекиннинг уйғурларга ва бошқа мусулмон халқларига нисбатан хатти-ҳаракатлари инсониятга қарши жиноятлар бўлиб ҳисобланиши мумкин, дея маълум қилинган БМТда.

Ҳукумати маърузадаги даъволарни «Хитой душманлари томонидан тўқиб чиқарилган дезинформация ва ёлғон» деб рад этмоқда. Пекиннинг фикрича, ҳужжат Шинжонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқларни ҳамда минтақа фуқаролари терроризм ва экстремизмдан кўрган зарарни эътибордан четда қолдиради.

Аввалроқ Туркия уйғурлар билан боғлиқ вазият бўйича Хитойга мурожаат қилганди. Шунингдек, АҚШ Хитой расмийларини уйғурларга қилинган геноцидда айблаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: