21:56 | 11.10.22

                       

Туркияда содир бўлган портлашда икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Яна бир Ўзбекистон фуқароси жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган

Туркиянинг Истанбул шаҳрида 9 октябрь, якшанба куни содир бўлган портлашда икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Haberturk хабар берди.

Фото: Haberturk

Қайд этилишича, Истанбул шаҳри Кадикўй туманида 3 қаватли уйда содир бўлган портлаш ва унинг ортидан келиб чиққан ёнғинда ҳалок бўлган уч кишининг икки нафари Ўзбекистон фуқаролари экани аниқланди.

«Фикиртепе» маҳалласида жойлашган бинонинг 3-қаватидан чиққан ёнғинни ўчиришга жами 56 ўт ўчирувчи ва 19 та техника жалб қилиниб 3 соат давомида ўчирилган. Ундан катта зарар кўрган бинодан уч кишининг жасади олиб чиқилган.

Ҳодиса оқибатида ўзбекистонлик бўлган А.К. жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Унинг 68 ёшли отаси, 10 ёшдаги қизи ҳамда шахси аниқланмаган яна бир киши ҳалок бўлган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси жароҳатланган фуқаронинг аҳволидан хабар олиб тургани ва марҳумларнинг жасадларини мамлакатга жўнатиш масалалари билан шуғулланаётганини маълум қилган.

Аввалроқ Истанбулдаги портлашда уч киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Афғонистондаги масжидда содир бўлган портлаш қурбонлари 25 кишига етгани, Мексикадаги газ қувурида кучли портлаш юз бергани, Беларуснинг Италиядаги элчихонасида портлаш содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, 8-октябрь куни Керч бўғози устидан ўтган Қрим кўпригида кучли портлаш содир бўлганди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлган. The New York Times’нинг ёзишича, Қрим кўпригидаги портлаш Украина махсус хизматлари томонидан уюштирилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: