8:35 | 14.10.22

                       

Ўзбекистонда 2022-2023 йилларнинг қиш мавсуми совуқ ва ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда

Республиканинг шимолий ҳудудларида ҳарорат минтақа иқлим меъёридан паст бўлиши мумкин

Ўзбекистонда 2022-2023 йилларнинг қиш мавсуми совуқ ва ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, сўнгги 20 йил ичида 2007-2008, 2011-2012 йиллардаги қиш совуқ ва узоқ давом этди, бу ўртача иқлим қийматларидан 3-4 даражага паст бўлди. Ушбу қишларнинг айрим кунларида ҳаво ҳарорати Тошкентда кечалари 15-17 даражагача, кундуз кунлари эса 8-13 даражагача пасайди. Бундай об-ҳаво шароити одатда Россиянинг Европа ҳудудидан, Уралдан, баъзан, ҳатто Ғарбий Сибирдан совуқ ҳавонинг кириб келиши ҳисобига вужудга келади.

Энг илиқ қиш ойлари эса 2003-2004, 2008-2009, 2009-2010, 2021-2022 йилларга тўғри келади, Тошкентда ўртача мавсумий ҳарорат меъёрдан 3-5 даражага юқори бўлган. Умуман 2015-2016 йилларнинг қиш мавсуми энг илиқ бўлиб, қишнинг ўртача ҳарорати меъёрдан 5-6 даражага юқори бўлган. Энг илиқ қиш даврларида кундузги ҳаво ҳарорати 20-23 даражагача илиқ, айрим кунларда эса 25-27 даражагача илиқ кўтарилиши мумкин.

Шунингдек, 2022-2023 йилларнинг қиш мавсуми учун тузилган дастлабки ҳисобларга кўра, қиш мавсуми ўртача кўп йиллик қийматлари атрофида ва ундан бироз кўп ва ёғингарчилик тақчиллиги бўлиши кутилмоқда. Қиш мавсуми давомида совуқ об-ҳаво даврларида ҳарорат 5-10 даражагача совуқ, шимолда эса 15-20 даражагача совуқнинг пасайиши эҳтимолдан ҳоли эмас, бу қиш ойлари учун иқлим меъёридан 5-8 даражага паст ҳисобланади.

Прогнозлар тахминий хусусиятга эга ва фақат бутун мавсумнинг умумий хусусиятлари учун фойдаланилади: мавсумнинг ўртача ҳарорати меъёрдан юқори ёки паст, ёғингарчилик мавсум давомида меъёрдан кўп ёки кам ёғиши. Ҳатто бундай умумий баҳолаш аниқлиги ҳам катта эмас ва 50-60 фоиздан ошмайди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: