9:31 | 15.10.22

                       

Наманганда география фани ўқитувчиси ўқувчини калтаклади — видео

Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди

Наманган вилояти ИИБ Давлатобод туманида география ўқитувчиси ўқувчини калтаклагани тасвирланган видеога юзасидан маълумот берди.

Кадр: Telegram

Ижтимоий тармоқларда Давлатобод туманидаги 58-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчи синф хонасида бир ўқувчини калтаклагани тасвирланган видео кенг тарқалди.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат ўша куннинг ўзида туман ИИБ томонидан назоратга олинган. Терговга қадар текширув ҳужжатларига кўра Давлатобод тумани ХТБга қарашли 58-сонли мактабнинг география фани ўқитувчиси Э.М. 13 октябрь куни соат 16:10 ларда ўзи синф рахбарлик қилаётган ушбу мактабнинг 5-«в» синфига кирган. У мазкур синф ўқувчиси бўлган 11 ёшли Х.М.нинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, баданининг турли жойларига қўллари билан уриб, унга тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат бўйича суд тиббий экспертизаси тайинланиб, Наманган шахар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухородаги таълим муассасасида ўқитувчи ўқувчини бўғгани, Бандихон туманида ўқитувчи дарсга тайёрланмаган ўқувчини калтаклагани тўғрисида хабар берганди. Шунингдек, Андижон вилояти Асака туманида ўқитувчи кетма-кет икки кун дарсдан қочиб кетиши ва дарс жараёнларига қатнашмаётгани сабаб  ўқувчи қизни калтаклаганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: