11:01 | 15.10.22

                       

Туркиядаги кўмир шахтасида портлаш юз берди — видео

Эрдўғон фавқулодда ҳолат жойига боришни режалаштирмоқда

Туркия шимолидаги Бартин шаҳрида жойлашган шахтада содир бўлган портлаш оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди, деб хабар беради Anadolu агентлиги.

Фото: Anadolu

Қайд этилишича, яна 11 киши шифохонада қолмоқда. Портлаш 14 октябрь куни кечаси 300 метр чуқурликдаги кўмир шахтасида содир бўлган. Оқибатда 49 киши у ерда қамалиб қолган. Расмийларнинг баёнотидан ҳозирда ер остида қанча одам қолаётгани аниқ эмас.

Давлат ОАВлари маълумотларига кўра, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон фавқулодда ҳолат жойига ташриф буюришни режалаштирмоқда. У ички ишлар ҳамда табиий ресурслар ва энергетика вазирларини воқеа жойига юборган. Улар қутқарув операциялари жараёнини назорат қилиши керак.

Аввалроқ Афғонистондаги масжидда содир бўлган портлаш қурбонлари 25 кишига етгани, Мексикадаги газ қувурида кучли портлаш содир бўлгани, Беларуснинг Италиядаги элчихонасида портлаш юз бергани тўғрисида хабарлар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: