17:44 | 15.10.22

                       

Жо Байден Украинага яна 725 млн долларлик ҳарбий ёрдам ажратилишини эълон қилди

Ёрдамдан HIMARS учун ўқ дорилар, 23 минг артиллерия снаряди ўрин олади

АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам сифатида 725 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда президент Жо Байден эълон қилди, деб хабар беради Пентагон.

Фото: АҚШ Мудофаа вазирлиги

АҚШ Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, янги пакет ичидан HIMARS’лар учун жанговар ўқ-дорилар, 23 мингдан ортиқ артиллерия снаряди, 5 мингта танкка қарши снаряд, радиолокацияга қарши тезкор ракеталар, 200 дан ортиқ транспорт воситалари, 2 миллион патрон ва 5 мингдан ортиқ масофадан бошқариладиган танкка қарши миналар ўрин олган.

Меморандум Оқ уй сайтида эълон қилинган. Унда айтилишича, маблағлар мудофаа маҳсулотлари ва хизматлар учун, шунингдек, ҳарбийларни ўқитишга йўналтирилади.

Россия томонидан ҳарбий операция бошланганидан бери АҚШ томонидан Украинага кўрсатилган ҳарбий ёрдамнинг умумий ҳажми 17,5 миллиард доллардан ошмоқда. АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин аввалроқ кўрстилган ёрдам 16,8 миллиард долларга етганини маълум қилганди. АҚШ мудофаа вазири Жанет Еллен 11 октябрь куни Вашингтон яқин ҳафталарда Киевга 4,5 миллиард доллар миқдорида молиявий ёрдам кўрсатишни режалаштираётганини айтганди.

Аввалроқ Пентагон Путиннинг янги стратегияси ҳақида маълумот берган, шунингдек, Пентагон Украина Қуролли кучлари самарадорлигини баҳолаганди.

Эслатиб ўтамиз, 10 октябрь куни Украина шаҳарларига ракета зарбалари Керч бўғозидан ўтган Қрим кўприги портлатилганидан икки кун ўтиб бошланди. Россия президенти Владимир Путин содир бўлгани воқеани теракт деб атаб, унда Украинани айблаганди. Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби ўринбосари Дмитрий Медведев портлашга қарши Россиянинг жавоби фақат «террорчиларни тўғридан-тўғри йўқ қилиш» эканини маълум қилган. Президент Владимир Зеленский қатор шаҳарлар ўққа тутилгани юзасидан мамлакат фуқароларига видеомурожаат йўллаган. Оқибатда Украинадаги энергетика объектларининг қарийб 30 фоизига зарар етказилгани айтилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: