15:05 | 15.10.22

                       

Туркияда шахта портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 40 кишига етди

Жароҳат олганларнинг олти нафари Истанбулдаги шифохонага, беш нафари Бартинга жойлаштирилган

Туркия шимолидаги Бартин шаҳрида жойлашган шахтада портлаш юз бергани хабар қилинганди. Anadolu агентлигининг ёзишича, фожиа оқибатида ҳалок бўлганлар сони 40 кишига етган.

Фото: AFP

Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фаҳриддин Кожанинг сўзларига кўра, жароҳат олганларнинг олти нафари Истанбулдаги шифохонага, беш нафари Бартинга жойлаштирилган.

Амасра шаҳри ҳудудида жойлашган шахтадаги портлаш 14 октябрь куни 300 метр чуқурликда юз берган. Бу вақт шахтада 110 киши ишлаётган бўлган. Бартин губернатори Нуртаж Арслоннинг маълум қилишича, 14 нафар кончини шахтадан чиқариб олишга муваффақ бўлинган, яна камида 49 киши ер остига қамалиб қолган. Портлаш сабаблари маълум эмас.

Туркия ИИВ раҳбари Сулейман Сойлуга кўра, қурбонлар сони 40 кишига етган. Ҳозирга қадар 58 киши қутқариб олинган, яна бир нафар шахтёрнинг тақдири номаълум қидирувлар давом этмоқда.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 15 октябрь санасига режалаштирилган барча тадбирларини бекор қилган ва воқеа жойига келиш ниятида. Бартин вилояти прокуратураси шахтадаги портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатган.

Аввалроқ Афғонистондаги масжидда содир бўлган портлаш қурбонлари 25 кишига етгани, Мексикадаги газ қувурида кучли портлаш содир бўлгани, Беларуснинг Италиядаги элчихонасида портлаш юз бергани тўғрисида хабарлар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: