18:12 | 15.10.22

                       

Шавкат Мирзиёев Туркияда кўмир конидаги портлаш муносабати билан Эрдўғонга таъзия йўллади

Шунингдек, давлат раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди

Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Бартин провинциясидаги кўмир конида юз берган портлаш оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таъзия йўллади. Бу ҳақда Президент матбот хизмати хабар берди.

Фото: AFP

Маълум қилинишича, давлат раҳбари вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олган кончилар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия шимолидаги Бартин шаҳрида жойлашган шахтада портлаш юз бергани хабар қилинганди. Фожиа оқибатида ҳалок бўлганлар сони 40 кишига етган. Ҳозирга қадар 58 киши қутқариб олинган, яна бир нафар шахтёрнинг тақдири номаълум қидирувлар давом этмоқда.

Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фаҳриддин Кожанинг сўзларига кўра, жароҳат олганларнинг олти нафари Истанбулдаги шифохонага, беш нафари Бартинга жойлаштирилган.

Амасра шаҳри ҳудудида жойлашган шахтадаги портлаш 14 октябрь куни 300 метр чуқурликда юз берган. Бу вақт шахтада 110 киши ишлаётган бўлган. Бартин губернатори Нуртаж Арслоннинг маълум қилишича, 14 нафар кончини шахтадан чиқариб олишга муваффақ бўлинган, яна камида 49 киши ер остига қамалиб қолган. Портлаш сабаблари маълум эмас.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: