15:04 | 17.10.22

                       

Тошкентда тез ёрдам ходимлари яна калтакланди — видео

ССВ мазкур ҳолатга муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Миробод туманида тез ёрдам ходимлари калтакланганига доир хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатга муносабат билдирди.

Аниқланишича, 16 октябрь соат 18:50 атрофида Миробод тумани, Темир йўлчилар кўчаси, 1/5-уй олдига 30 ёшли номаълум эркак кишида қон кетиш (хушсиз) сабаби билан йўловчи фуқаро томонидан тез тиббий ёрдам хизматига чақирув келиб тушган.

Шундан сўнг шифокор М.З. ва фельдшер З.Ж.дан таркиб топган 397-сонли «103» бригадаси чақирув манзилига саноқли дақиқалар ичида етиб борган.

Шунингдек, тез ёрдам ходимлари манзилга келганида, кўчада беморлиги айтилган 22 ёшли фуқаро М.А. ноадекват ҳолатда ён-атрофдаги кишиларга тажовуз қилаётгани маълум бўлган. «103» кўчма бригадаси унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатмоқчи бўлганда, муштумзўр фуқаро шифокорларга куч ишлатиб, ТТЁ автомашинасига ҳам жиддий зарар етказган.

Воқеа жиддий тус олаётганини кўрган тез тиббий ёрдам ходимлари дарҳол туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари етиб келгунига қадар фуқаро М.А. «103» бригадаси ҳайдовчиси И.Ҳ.ни калтаклаб, унга жароҳат етказган.

Оқибатда жиддий тан жароҳати олган тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига бошқа бригада томонидан олиб борилган. Текширувлар натижасида у бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, чап тизза соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ташхиси билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган.

Шунингдек, кўчма бригада шифокори М.З. шифохонада амбулатор тартибда мутахассислар кўригидан ўтказилиб, унга қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши ташхиси қўйилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олган. Шунингдек, вазирлик ушбу вазиятга қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши учун барча зарур чораларни кўраётгани маълум қилинди.

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Миробод туман ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Фарғонада тез ёрдам шифокори собиқ ички ишлар ходими томонидан калтакланганди. Шунингдек, Тошкентдаги тиббиёт марказида шифокор aёл маст бемор томонидан, Андижонда ҳам бир шифокор калтаклангани маълум қилинган. Тиббиёт ходимини калтаклаш билан боғлиқ ҳолат Жиззах вилоятида ҳам қайд этилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: