16:11 | 17.10.22

                       

Тошкентда тез ёрдам ходимларини калтаклаган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилди

У, шунингдек, тез ёрдам машинасига ҳам жиддий зарар етказган

Тошкент шаҳар Миробод туманида 16 октябрь, якшанба куни тез ёрдам ходимлари калтаклангани ҳақида хабар берилганди. Муштумзўр эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 22 ёшли М.А. маст ҳолатда ётганлигини кўрган фуқаролар «103» рақами орқали тез тиббий ёрдам хизматини чақирган. Чақириқ жойига етиб келган шифокорлар М.А.га муолажа қилаётган вақтида, у жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан жамоат тартибини бузган.

Шунингдек, у тез тиббий ёрдам автоуловининг ўрта эшигини юлиб олиб, ҳайдовчи 1958 йилда туғилган Х.Н.га тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан М.A.га нисбатан тумани ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов давом эттирилаётгани маълум қилинган.

Аввалроқ Фарғонада тез ёрдам шифокори собиқ ички ишлар ходими томонидан калтакланганди. Шунингдек, Тошкентдаги тиббиёт марказида шифокор aёл маст бемор томонидан, Андижонда ҳам бир шифокор калтаклангани маълум қилинган. Тиббиёт ходимини калтаклаш билан боғлиқ ҳолат Жиззах вилоятида ҳам қайд этилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: