17:49 | 17.10.22

                       

Тошкентда чанг бўрони кузатилади

«Ўзгидромет» имконқадар кўчага чиқмасликка чақирган

Тошкентда 17 октябрь куни соат 18:00 дан, 23:00 га қадар чанг бўрони кузатилиши мумкин. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.

Қайд этилишича, узоқ вақт давомида ёғингарчиликнинг бўлмагани ва ҳаво ҳароратининг инверсияси натижасида шаҳар атмосфера ҳавоси майда чанг заррачалари билан ифлосланиши кучайиши мумкин.

Шу муносабати билан «Ўзгидромет» Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларидан қуйидагиларни сўраган:

  • имкони борича, уйдан чиқмасликка ҳаракат қилиш;
  • кўчада бўлганда, албатта тиббий ниқоб тақиш ва уни ҳар бир соатда алмаштириш;
  • нафас қайтиши, бурун битиши, акса уриш, тумов, кўзлар қизариши ва қичишиши, томоқда қаттиқ қичишиш, йўтал пайдо бўлганда зудлик билан аллерголог шифокорга мурожаат қилиш;
  • тузли эритмада бурун ва томоқни чайиш, ойналарни ёпиқ ҳолатда сақлаш, ойналарнинг олдида хўл сочиқларни ёйиб қўйиш.

Сўнгги маълумотларга қараганда, Тошкент ҳавоси ифлосланиш даражаси бўйича дунё миқёсида биринчи ўринда қайд этилмоқда.

Аввалроқ, BBC журналисти Ибрат Сафо вақти-вақти билан Тошкентдаги ҳаво нафас олиш учун яроқсиз бўлиб қолиши ҳақида гапирганди.

«Ўзгаришлар мен каби одамлар учун сезиларли, чунки мен йилига икки марта келаман. Ҳаво шунчалик ифлоски, у ҳатто кўринади. Қурилиш майдонларидаги чанг, автоуловлардаги карбонат ангидрид, азот ва метан ўпканинг сиқилишига олиб келади. Деҳлига борганимда худди шу ҳавони ҳис қилгандим», — деган у.

Аввалроқ Ўзбекистон пойтахти ҳавонинг ифлосланиши бўйича дунё шаҳарлари орасида бешинчи ўринда қайд этилгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: