14:11 | 18.10.22

                       

Украинанинг яна қатор вилоятлари ракета ҳужумларига учради

Хусусан, Днепрдаги ракета зарбалари оқибатида ёнғин чиққан

Украинанинг бир нечта шаҳарлари 18 октябрь тонгида яна ҳужумга учради. Бутун мамлакат ҳудудида ҳаво тревогаси эълон қилинган, деб хабар беради Meduza.

Фото: Николаев вилояти маъмурияти

Днепропетровск вилояти маъмурияти раҳбари Валентин Резниченконинг маълум қилишича, 18 октябрь куни Россия қўшинлари Днепрдаги энергетика инфратузилмаси объектига иккита ракета зарбасини амалга ошириши оқибатида ёнғин чиққан. Шаҳарнинг айрим туманлари электр ва сув таъминотисиз қолган. Ҳужумдан кейин «Днепропроводканал» насос станцияларидан бири қувватсиз қолган.

Харьков мэри Игор Тереговга кўра, шаҳардаги саноат корхоналаридан бири ҳужумга учраган. «Беш дақиқа ичида иккита портлашлар серияси содир бўлди», — деб ёзади у. Харьковдаги портлаш сабаб метро фаолияти тўхтатилган.

Шунингдек, Украина президенти офиси раҳбарининг ўринбосари Кирилл Тимошенко Житомирдаги энергия таъминлаш объектига иккита ракета келиб тушгани, Киевдаги инфратузилма объектида учта зарба амалга оширилганини маълум қилган.

Бундан ташқари, Кривой Рог ва Николаев вилоятларида ҳам ракета зарбалари қайд этилган. Николаев вилояти раҳбарининг сўзларига кўра, ракеталар шаҳардаги гул бозор ва икки қаватли уйга келиб тушган. Кейинроқ вайроналар остидан бир эркакнинг жасади топилган.

Эслатиб ўтамиз, 17 октябрь куни кечаси Украина шарқи ва жанубида ҳаво тревогаси эълон қилинганди. Николаев вилоятидаги саноат инфратузилмаси объектларида портлашлар содир бўлган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: