16:09 | 18.10.22

                       

Самарқандда мактаб директори ўқувчини уриб, қулоқ пардасини йиртиб юборди

ИИБ ҳодимлари боланинг отасидан ариза олишни ортга сураётгани айтилган

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги 61-мактаб директори ўқувчини уриб, қулоқ пардасини йиртиб юборди. Бу ҳақда Zo‘rTV телеканали «Bu kun» дастурида хабар берилди.

Қайд этилишича, ўқувчилардан бири сифхонада пиротехника воситасини портлатган ва бундан хабар топган директор ўқувчини синфдаги болалар кўз ўнгида калтаклаган. Оқибатда воқеада умуман айби бўлмаган 12 ёшли боланинг қулоқ пардаси йиртилиб, кетган.

Мактаб ҳудудида фойдаланилган пиротехника воситаси эса мактаб ошхонасидан сотиб олингани айтилмоқда.

«Мендан айб ўтмаган, уни мен портлатмадим. Директор келиб, мени урди. Қулоғим шанғиллаб, йиқилиб тушаётганимда ‘шантаж’ қима деб, тепиб-калтаклайверди», — деган ўқувчи.

Шунингдек, ўқувчига биринчи ёрдам кўрсатган шифокорнинг таъкидлашича, унинг қулоқ пардаси кучли зарба оқибатида тешилган, қон излари сақланиб қолган.

Мактабда директорнинг тарафдорлари кўплиги, уларнинг кўпчилиги қариндошлари эканлиги айтилган. Шу билан бирга воқеа содир бўлган кунги видео камерадаги тасвирлар ҳам ўчириб юборилган. Мактаб ошхонаси эса вақтинча ёпиб қўйилгани маълум қилинган.

Жабрланган ўқувчининг отаси эса икки кундан буён ички ишлар ҳодимлари ундан ариза ҳам олмаганини таъкидлаган.

Чақиртирилган вақтдан 2 соат ўтиб, мактабга етиб келган туман халқ таълими бўлими ҳодимлари ҳолатдан хабари йўқлигини айтган.

«Халқ таълими вазирлигининг 2022 йил 28 июлдаги 246-сонли одоб-аҳлоқ нормалари бор. Бу вазиятда ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам ушбу қоидаларни бузган. Бу борада педагогларга ҳам, ўқувчиларга ҳам белгиланган тартиблар бор», — деган ХТБ ҳодими.

Ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда география фани ўқитувчиси 5-синф ўқувчисини калтаклагани учун жавобгарликка тортилганди. Шунингдек, Наманган вилоятида физика ўқитувчси ўқувчиси томонидан калтаклангани хабар қилинганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: