19:48 | 18.10.22

                       

Ўзбекистонда мева-сабзавот экспорти 1,7 баравар ошгани маълум қилинди

Шунингдек, аҳолига ерларни бўлиб бериш ҳисобига қўшимча 1 млн тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилган

Шавкат Мирзиёев 18 октябрь куни аграр соҳада йил якунигача кутилаётган натижалар ва келгуси йилдаги вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, 2019 йил мамлакатда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилиниб, катта ислоҳотлар бошланган.

Жумладан, мева-сабзавот экспорти 1,7 баравар ошиб, 1,1 миллиард долларни ташкил этди. Ғаллачиликда бозор механизмларига ўтилгани натижасида фермерлар даромади 2 бараварга ошган. Аҳолига ерларни бўлиб бериш ҳисобига бу йил қўшимча 1 миллион тоннадан зиёд озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилган.

Иқлим ўзгариши ва жаҳондаги мураккаб вазият сабабли озиқ-овқат хавфсизлиги асосий масалага айланмоқда. Жаҳонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ошиши кутилмоқда. Бундай вазиятда, аввало, аҳоли талабини қондириш ҳамда экспорт имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш кераклиги таъкидланган.

Шунингдек, йиғилишда қишлоқ хўжалиги вазири шу борадаги режалар ҳақида ахборот берган. Шу билан бирга давлат раҳбари соҳадаги долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтган.

«Қишлоқ хўжалиги масаласини алоҳида эътиборга олиб, тез-тез муҳокама қилиб бораётганимиз бежиз эмас. Чунки бу иқтисодиётимизнинг тўртдан бир қисмини ташкил қиладиган муҳим соҳа. Бунинг замирида халқимиз фаровонлиги, нарх-наво барқарорлиги, қанча иш ўринлари ётибди», — деган Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: