9:04 | 19.10.22

                       

Эстония Россияни терроризм ҳомийси деб эълон қилди

Мамлакат парламенти бу қарорни бир овоздан қўллаб-қувватлаган

Эстония парламенти Украина ҳудудларининг Россия томонидан аннекция қилинишини қоралаб, Россияни терроризм ҳомийси деб эълон қилувчи баёнотни қабул қилди. Бу ҳақдаги ҳужжат мамлакат парламентининг веб-сайтида жойлаштирилди.

Баёнотда айтилишича, Эстония Украинанинг ҳудудий яхлитлиги тажовуз натижасида бузилганини ва Украина ҳудудларининг «Россия таркибига таркибига қўшилиши бўйича референдумлар»нинг қонунийлигини ҳеч қачон тан олмайди. Парламент Халқаро суд ва Халқаро жиноий суднинг Украина ҳудудида содир этилган жиноят ҳолатларини аниқлашга қаратилган терговларини қўллаб-қувватлади, шунингдек, айбдорлар устидан халқаро трибунал очишга чақирди.

Эстония парламенти, шунингдек, Россиядаги сафарбарлик жиноий тажовузни давом эттириш мақсадида амалга оширилаётгани ва шу сабабли тинчликка қарши жиноят эканлигини таъкидлади. Бундан ташқари, депутатлар Россияни БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси мақомидан маҳрум қилиш талабини қўллаб-қувватладилар.

Эстония парламенти Европа Иттифоқи ва НАТОни Украинага ҳарбий ва гуманитар ёрдам ҳажмини сезиларли даражада оширишга, шунингдек, давлатнинг урушдан кейинги тикланишини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Эстониялик депутатлар дунёнинг бошқа давлатларини ҳам худди шундай баёнотларни қабул қилишга ва Россияга «биргаликда қаршилик кўрсатишга» ундади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Россияни БМТнинг Хавфсизлик кенгашидан чиқариб ташлашга чақирганди. Ўз навбатида, Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев бу чақириққа жавоб қайтарганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: