12:41 | 19.10.22

                       

Херсон аҳолисига шаҳарни тарк этиш бўйича SMS’лар юборилди

Таъкидланишича, шаҳар Украина томонидан ўққа тутилиши мумкин

Херсон вилояти маъмурияти Украина армияси томонидан ҳужум уюштирилиши эҳтимоли мавжудлиги сабаб тинч аҳолига Херсон шаҳрини тарк этишни маслаҳат берган ҳолда SMS юборди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

«Ҳурматли, аҳоли. Украина Қуролли Кучлари томонидан турар жой даҳалари ўққа тутилади. Соат 07:00 да Чап қирғоқдаги Речпортдан автобуслар йўл олади. Алоқа: 88003019999», дейилади хабарда. Агентлик маълумотларига кўра, аҳоли бундай хабарларни 19 октябрь куни эрта тонгдан олишни бошлаган.

Вилоят маъмурияти раҳбарининг ўринбосари Кирилл Стремоусовнинг маълум қилишича, Украина Қуролли Кучлари Херсон вилояти фронт чизиғига кўплаб кучларини йўналтирган. «Гап Херсоннинг мудофаа жараёни ҳақида кетмоқда. Херсон шаҳри қалъага айланмоқда», — дейди у.

Стремоусовнинг таъкидлашича, украиналик ҳарбийлар «яқин вақтлар ичида» ҳужумни бошлайди, шу сабабли Херсон ва вилоятнинг ўнг қирғоқ қисми ўққа тутилиши мумкин. «Шаҳарни бой бериш ниятида эмасмиз. Охиригача турамиз», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, 18 октябрь куни Херсон вилояти раҳбари Владимир Сальдо тўртта муниципалитет аҳолиси Днепрнинг чап қирғоғига кўчирилишини маълум қилганди. Шу билан бирга, Херсон Сальдо томонидан санаб ўтилган муниципалитетлар рўйхатига киритилмаган. Бундан олдин, Зеленский Херсон вилоятидаги 8 та аҳоли пункти озод этилганини билдирганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: