17:13 | 20.10.22

                       

Парижда Ўзбекистон меросига бағишланган кўргазма очилади

Кўргазмада қарийб икки минг йиллик тарихни қамраб олувчи 169 та экспонат намойиш қилинади.

Франциянинг Париж шаҳридаги Лувр музейида 2022 йилнинг 23 ноябрь куни Ўзбекистон меросига бағишланган кўргазма очилади.

Маълум қилинишича, кўргазмада ҳозирги Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудидан ўтган Буюк Ипак йўли ҳақида ҳикоя қилиниб, унда қарийб икки минг йиллик даврни қамраб олувчи 169 та экспонат, жумладан, Ўзбекистоннинг 16 та музейидан 138 дона осори-атиқа, шунингдек, дунёнинг етакчи музейларидан 31 та музей ашёси намойиш этилади.

Ушбу лойиҳага сўнгги бир неча йил давомида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг жамоаси томонидан Лувр музейи куратори Янник Линс, илмий куратор Рокко Ранте ҳамда лойиҳанинг илмий маслаҳатчиси Шокир Пидаев билан ҳамкорликда тайёргарлик кўрилган.

Кўргазмада намойиш этилаётган экспонатлардан бири — Буддавийлар ибодатхонасидаги Кушон шаҳзодасининг боши. У 1937 йилда Сурхондарё вилояти ҳудудида бўлган Кушон подшолиги даврида ташкил этилган Далварзинтепа шаҳарчаси яқинида археологик қазишмаларда топилган.

Афросиёб расмлари 1965 йилда кашф этилган. Сурат тахминан VI аср охирлари VIII аср бошларига тегишли. Самарқанд ихшиди (ҳукмдори) Вархуман саройидан топилган.

Далварзинтепадаги буддавийлар ибодатхонасидан топилган Бодхисаттва ҳайкали эса эрамизгача бўлган III-II асрларга тегишли экспонат ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда Ўзбекистон маданий мероси бўйича конгресс бўлиб ўтганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: