19:25 | 20.10.22

                       

Тошкентда Сурияга кетмоқчи бўлган 18 ёшли қиз 5 йилга қамалди

Қизнинг олий ўқув юрига киргани ва прокурор енгиллик сўрагани ҳам уни жазодан озод қилинишига сабаб бўлмаган

Тошкентда 2004 йилда туғилган қиз 5 йилга қамалди. Олий суд матбуот котиби суд иши тафсилотлари ҳақида «Bugun.uz»га маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2022 йил 18 августдаги ҳукмига кўра 2004 йилда туғилган Дилафруз Жумаева Жиноят кодексининг 155-2-моддаси (террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) 1-қисми, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди ва 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми билан айбли, деб топилиб, унга узил-кесил ўташ учун 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 18 октябрдаги ажримига кўра жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2022 йил 18 августдаги ҳукми ўзгартирилган. Жумаеванинг айбловидан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди чиқарилиб, 59-модда билан тайинланган жазо бекор қилинган. Унга Жиноят кодексининг 244-2-моддаси 1-қисми билан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолдирилиб, мазкур кодекснинг 155-2-моддаси 1-қисми билан, 57-моддасини қўллаб, 4 йил 8 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан Жумаевага узил-кесил ўташ учун 5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 62-моддаси тартибида 2022 йил 9 апрелдан 13 июнга қадар қамоқда сақланган ҳар бир кунини озодликдан маҳрум қилиш жазосининг бир кунига тенглаштириб ҳисобланган. Қамоқда сақланган 2 ой 4 кунни жазо муддатидан чегириб, унга узил-кесил ўташ учун 4 йил 11 ой 26 кун муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилган.

«Албатта, эндигина 18 ёшга тўлган Жумаевага нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланганлиги ғоятда ачинарли. Ижтимоий тармоқларда Жумаеванинг ‘олий ўқув юртига ўқишга кирганлиги, прокурор ҳам унга енгиллик сўрагани’ кенг муҳокама қилинмоқда. Бироқ, шуни унутмаслик лозимки, хоҳ талаба бўлсин, хоҳ ёши улуғ шахс бўлсин, қонун барчага баробар, жиноятга эса жазо муқаррар. Ўз навбатида фаол фуқаролик позициясига эга бўлган кўплаб юртдошларимиз айбдорга нисбатан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланганига ҳам норозилик билдирганлар. Албатта, бундай куюнчаклик, шу юрт фарзанди — Жумаеванинг тақдирига бефарқ бўлмаслик таҳсинга сазовор ҳолат», — дейилади хабарда.

Хабар қилинишича, Д. Жумаева террорчилик фаолиятида иштирок этиш учун хорижга чиқиб кетиш мақсадида яқинларидан хуфёна тарзда жомадон харид қилган. Унга кийим-кечакларини жойлаштириб, 2022 йил 15 мартда хорижга чиқиш паспортини расмийлаштиришга эришган. Уларни ўз танишининг уйида яширин равишда сақлаб келган. Энг аянчлиси, 2022 йил 26 март куни соат 11.00 да «Ўзбекистон-Туркия-Сурия» йўналиши орқали Сурияга бориб, террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этиш мақсадида ҳаракат қилаётганида фош этилган ва процессуал тартибда ушланган. Суд Д. Жумаевани очиқда қолдириш орқали қайта тарбиялаш имкони мавжуд эмаслигини инобатга олиб, озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган.

Қолаверса, Д. Жумаеванинг жиноят содир этишдаги айби тергов ва биринчи босқич суди жараёнларида ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатмалари, гувоҳларнинг кўрсатмалари, уяли телефон аппаратларини текшириш учун олиб қўйиш ва кўздан кечириш баённомалари, А4 форматидаги 12 дона қоғоз варағига жойлаштирилган матнли ёзишмалар, суд-техник экспертизасининг хулосалари ва унга илова қилинган DVD+R дисклар, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертларининг судга оид диншунослик экспертизасининг хулосалари ҳамда жиноят иши ҳужжатларида мавжуд бўлган бошқа объектив далиллар мажмуи билан ўз исботини тўлиқ топган.

«Бу билан Д. Жумаевага оид суд қарорлари энди ўзгармайди, дейишдан мутлақо йироқмиз. Зотан, Тошкент шаҳар суди томонидан чиқарилган ажримдан норози тарафлар жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларда Олий судга кассация тартибида шикоят бериш ёки протест келтиришга ҳақли эканлиги маълум қилинади», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилоятида Сурияга чиқишни режалаштирган «Жиҳодчилар» оқимининг 10 нафар аъзоси ушланганди. Сирдарёда эса террорчилик мазмунидаги материалларни тарқатган 9 нафар шахс ушлангани хабар берилганди. Шунингдек, Сурхондарёда «Жиҳодчилар» оқимми сафига қўшилиш учун Сурияга чиқиб кетмоқчи бўлган йигит ушланганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: