11:18 | 21.10.22

                       

Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов иштирокида кенгайтирилган музокаралар ўтказилди

Томонлар манфаатли ҳамкорлик барча йўналишларда изчил кенгайиб бораётганини қайд этган

Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик барча йўналишларда изчил кенгайиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган.

«Минг йиллар давомида ўзбек ва туркман халқлари ёнма-ён яшаб, бир-бирига таянч бўлиб келганлар», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон Президенти Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов икки мамлакат ўртасидаги жадал ривожланиб бораётган бугунги ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини шакллантиришга улкан ҳисса қўшганини қайд этган.

Иқтисодиёт икки томонлама муносабатларнинг етакчи кучи бўлиб хизмат қилаётгани, мамлакатлар улкан салоҳиятини ишга солиш учун кўпроқ ҳаракат қилиш зарурлиги таъкидланган. Кейинги йилларда ўзаро савдо жадал суръатда ошиб бормоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон—Туркманистон Чегараолди савдо зонаси ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, ҳудудларда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши қайд этилган. Бугун давлат раҳбарлари ушбу зонанинг қурилишини бошлаб беради.

Томонлар кооперация лойиҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган. Саноат, энергетика, кимё тармоғи ва қишлоқ хўжалиги каби устувор тармоқларда янги лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш борасидаги ишларни кучайтиришга келишиб олинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Транспорт соҳаси — ҳамкорликнинг стратегик йўналишларидан бири. Давлат раҳбарлари Шарқ—Ғарб ва Шимол—Жануб йўналишларида, шу жумладан, Туркманбоши порти имкониятларидан фойдаланган ҳолда транспорт йўлакларини фаол ривожлантиришга аҳдлашиб олган.

Икки мамлакат сув соҳасида юксак даражада ҳамкорлик қилаётгани мамнуният билан қайд этилган. Тошкентда имзоланган Амударё бўйича битимни кенг кўламда амалга оширмоқда. Устувор йўналишлар орасида – ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Президентлар фан, таълим, санъат, кино ва туризм соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштириш зарурлигини қайд этган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Келгуси йилда иккала мамлакатда барча вилоятлар иштирокида Маданият ва кино кунлари, ёшлар фестиваллари ўтказилади. Белгиланган мақсадларга эришишда Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга, икки мамлакатнинг равнақига хизмат қилишига ишонамиз», — дейди музокаралар якунида Ўзбекистон етакчиси.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти билан тор доирада музокара ўтказгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: