11:25 | 22.10.22

                       

Сирдарёдаги ҳарбий қисмда содир бўлган портлаш оқибатида жабрланганлар тўғрисида маълумот берилди

Ҳодиса жойига Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси сафарбар қилинган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сирдарёдаги ҳарбий қисм ҳудудида содир бўлган портлаш оқибатида жабрланганлар тўғрисида маълумот берди.

Кадр: Telegram

Аввалроқ Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлиги омборида якка тартибда портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Аниқланишича, Сирдарё тумани, Малик ЦИУда юз берган портлаш ҳақида соат 05:01 да туман тез тиббий ёрдам бўлимига хабар келиб тушган.

Шундан сўнг ушбу ҳодиса натижасида шикастланган 16 нафар беморнинг 12 нафари Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Барча жароҳат олганларга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган.

Хусусан, 5 нафар фуқаро Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида, 7 нафар беморга эса амбулатор ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, 4 нафар бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё филиалида стационар кузатувга олинган.

«Жабрланганлар орасида жиддий жароҳат олган ва оғир аҳволдаги беморлар йўқ. Айни пайтда РШТЁИМ ва унинг Сирдарё филиалидан малакали шифокорлар Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасига сафарбар қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу беморлар ҳолатини ўз назоратига олган», дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: