18:40 | 22.10.22

                       

Қарши шаҳар собиқ ҳокими яна қамоққа олинди

Аввалроқ жазо уй қамоғига алмаштирилган эди

60 миллиард сўмни ўзлаштиришда айбланган Қарши шаҳрининг собиқ ҳокими Жамшид Фозиловга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилганди. Қашқадарё вилояти прокуратурасининг хабар беришича, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўллаш ҳақидаги ажрим бекор қилиниб, қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома қаноатлантирилди.

Jamshid Fozilov
Foto: Facebook

Маълум қилинишича, муқаддам Қарши шаҳар судининг 2022 йил 20 октябрдаги ажримига кўра, Жиноят-процессуал кодекснинг 242-2-моддасига асосан вилоят прокуратураси томонидан Қарши шаҳар собиқ ҳокими Фозиловга нисбатан киритилган қамоққа олиш тарзидаги илтимоснома рад этилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўллаш ҳақидаги ажримига нисбатан Қарши шаҳар прокурори томонидан вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилган.

Вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг ажримига асосан, Қарши шаҳар судининг собиқ ҳокимга нисбатан киритилган қамоққа олиш тарзидаги илтимоснома рад этилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўллаш ҳақидаги ажрими бекор қилинди. Шунингдек, қамоққа олиш тариқасидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома қаноатлантирилди.

Қайд этилишича, вилоят прокурори томонидан Қарши шаҳар собиқ ҳокими ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши алоҳида назоратга олинган бўлиб, тергов натижалари юзасидан маълумот берилади.

Аввалроқ Термиз шаҳрининг собиқ ҳокими ва унинг ўринбосарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани тўғрисида хабар берилганди. Бош прокуратура томонидан шаҳар ҳокимияти собиқ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209 (мансаб сохтакорлиги) моддалари билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: