20:20 | 22.10.22

                       

Парижда дунёдаги энг қадимий Қуръонлардан бири намойиш этилади

«Катта Лангар Қуръони» Ислом ва мусулмонлар учун улкан диний аҳамиятга эга

Парижда 2022 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистоннинг қадимий маданияти ва анъаналарига бағишланган иккита кўргазма очилади.
Улардан бири «Ўзбекистон воҳалари хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида» кўргазмаси 2022 йил 24 ноябрдан 2023 йил 6 мартгача Луврда бўлиб ўтади.

Кўргазмада бугунги Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудидан ўтган Буюк Ипак Йўли тарихи ҳақида ҳикоя қилинади. Унда монументал ва дастгоҳ санъати объектлари, девор расмлари, саройларнинг ўймакор жиҳозлари, санъат ва ҳунармандчилик буюмлари намойиш этилади. Ташриф буюрувчилар жами 168 та музей экспонатлари билан танишишлари мумкин бўлади: шулардан 137 таси Ўзбекистоннинг 13 та музейидан эрамиздан аввалги V-VI асрлардан Темурийлар давригача бўлган даврни қамраб олган экспонатлар, 31 таси жаҳоннинг етакчи музейлари — Британия музейи, Британия кутубхонаси, Лондондаги Виктория ва Алберта музейи; Медаллар кабинети, Франция Миллий кутубхонаси, Гиме музейи, Лувр, Париждаги Тиллар ва цивилизациялар университети кутубхонаси, шунингдек, Кливленд музейи (АҚШ) ва Галуст Гюлбенкиан жамғармаси (Лиссабон) экспонатларидир.

Ҳар бири ўзига хос бўлган экспонатлар орасида ислом оламининг энг муҳим қўлёзмаларидан бири бўлган VIII асрга оид «Катта Лангар Қуръони» алоҳида ажралиб туради. «Катта Лангар Қуръони» Ислом ва мусулмонлар учун улкан диний аҳамиятга эга бўлиб, бутун инсониятнинг маданий ва тарихий меросини ташкил этувчи қадриятлардан биридир.
Мазкур Қуръон Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги «Лангар ота» жоме масжидида узоқ вақт сақланган. Ислом оламида у Мусҳафнинг энг қадимги қўлёзмаларидан бири ҳисобланади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: