23:21 | 22.10.22

                       

Сирдарёдаги ҳарбий омбор портлаши оқибатида қанча турар ва нотурар жойларга талафот етгани аниқланди

Кўрилган чоралар натижасида бугуннинг ўзида 2 минг квадрат метр ойналар аҳолига етказилиб, ўрнатиб берилгани маълум қилинди

Сирдарё туманидаги ҳарбий қисм омборида содир бўлган ҳодиса оқибатида 3742 та турар ва нотурар жойларнинг томи, шифти, дераза ва эшик ромларига қисман талафот етгани аниқланди. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, кўрилган зарарни аниқлаш ҳамда уларни бартараф қилиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар масъул вакиллари ҳамда вилоят сектор раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи тузилган.

Шунингдек, ҳарбий қисм яқинида жойлашган маҳаллалар тўлиқ қамраб олиниб, хатловдан ўтказилди. Ҳисоб-китобларга кўра, 3742 та турар ва нотурар жойнинг томи, шифти, дераза ва эшик ромларига қисман талафот етгани аниқланди.

«Кўрилган амалий чоралар натижасида бугуннинг ўзида 2 минг квадрат метр ойналар аҳолига етказилиб, ўрнатиб берилди. Бу борадаги ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда», — дейилади ҳокимлик ахборотида.

Аввалроқ Сирдарё вилояти Малик аҳоли пунктидаги Мудофаа вазирлиги омборида якка тартибда портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Аниқланишича, Сирдарё тумани, Малик ЦИУда юз берган портлаш ҳақида соат 05:01 да туман тез тиббий ёрдам бўлимига хабар келиб тушган.

Шундан сўнг ушбу ҳодиса натижасида шикастланган 16 нафар беморнинг 12 нафари Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Барча жароҳат олганларга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган.

Хусусан, 5 нафар фуқаро Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида, 7 нафар беморга эса амбулатор ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, 4 нафар бемор Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё филиалида стационар кузатувга олинган.

«Жабрланганлар орасида жиддий жароҳат олган ва оғир аҳволдаги беморлар йўқ. Айни пайтда РШТЁИМ ва унинг Сирдарё филиалидан малакали шифокорлар Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасига сафарбар қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу беморлар ҳолатини ўз назоратига олган», дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: