9:27 | 24.10.22

                       

Жонсон Буюк Британия бош вазирлигига ўз номзодини илгари суришдан бош тортди

Собиқ бош вазирга кўра, у 2024 йилги сайловларда ғалаба қозониш ниятида

Буюк Британия собиқ бош вазири Борис Жонсон ҳукумат раҳбари Лиз Трасснинг истеъфосидан кейин ҳукмрон Консерватив партия етакчилигига ўз номзодини илгари сурмайди, деб хабар беради «ТАСС».

Фото: Global Look Press

«Ўйлайманки, 2024 йилги сайловларда Консерватив партияни ғалаба этишга яхшигина имкониятим бор. Консерватив партия аъзолари орасидаги ички сайловларда муваффақият қозониб 28 октябрь куни Даунинг-стиртга қайтишимнинг катта эҳтимоллиги бор эди. Бироқ сўнгги бир неча кун давомида афсуски бу тўғри бўлмайди деган хулосага келдим», — дейди Жонсон.

Жонсон, шунингдек, 102 нафар консерватор-депутатнинг қўллаб-қувватловини олишга муваффақ бўлганини таъкидлаган, бу ўз номзодини бош вазирликка қўйишига расман имкон бера олган. Шу билан бирга, Жонсоннинг айтишича, у бош вазир лавозимига даъвогар бошқа номзодлар — собиқ молия вазири Риши Сунак ва Британия парламенти қуйи палатаси етакчиси Пенни Мордонт билан ҳам боғланган. Жонсонга кўра, у миллий манфаатлар йўлида ҳамкорликда ишлашга келишиб олишни хоҳлаган, аммо томонлар якдил фикрга кела олмаган.

«Шу сабабли қўрқаманки, энг яхши вариант менинг номзодимни кўрсатмаслик ва бўлажак ғолибларга қўллаб-қувватловимни билдириш. Кўп нарсани таклиф қила оламан деб ўйлайман, бироқ ҳозир бунинг мавриди эмас», — дейди Жонсон.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь бошида Борис Жонсоннинг ўрнини эгаллаган Трасс Британия бош вазири лавозимда атиги олти ҳафта ишлади. Лиз Трасс Консерватив партиянинг янги раҳбари сайланмагунча ўз лавозимида қолишини маълум қилган. Жонсондан ташқари собиқ Молия вазири Риши Сунак ва Британия Жамаолар палатаси раҳбари Пенни Мордонт ҳам бош вазир лавозими учун курашиши айтилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: