15:02 | 25.10.22

                       

Иркутскда ҳарбий самолёт икки қаватли уйга қулашининг сабаблари маълум қилинди

Қўзғатилган жиноят ишида қирувчи самолёт ҳалокати иккита версия бўйича кўриб чиқилмоқда

Россияниниг Иркутск шаҳрида Су-30 ҳарбий самолёти икки қаватли уй устига қулагани тўғрисида хабар берилганди. «Коммерсантъ»нинг ёзишича, ҳалокатга экипажни кислород билан таъминлайдиган тизим носозлиги сабаб бўлган.

Кадр: Telegram

Қайд этилишича, Су-30 самолёт учувчилари бир вақтнинг ўзида ҳушини йўқотишига кислород етишмовчилиги, унинг ортиб кетиши ёки нафас йўлига азот кириб кетиши сабаб бўлган. Суд-тиббиёт экспертларига буни аниқлаш қийин бўлади, чунки иккала газ ҳам оддий ҳаво таркибида мавжуд.

Шарқий минтақалараро тергов бошқармаси расмий маълумотларига кўра, қўзғатилган жиноят ишида қирувчи самолёт ҳалокати иккита версия бўйича кўриб чиқилмоқда: авиатехниканинг ишдан чиқиши ёки экипаж хатоси. Шу билан бирга, Россия Тергов қўмитасининг транспорт бўйича Шарқий минтақалараро тергов бошқармаси учинчи тахмин — учувчиларнинг нафас олишдаги муаммолар сабаб ҳушини йўқотиш эҳтимоллигини ҳам ўрганмоқда.

Ушбу версия тергов доирасида қўлга киритилган ашёвий далиллар рўйхати билан қўллаб-қувватланмоқда, уларда анъанавий ҳолатларга қўшимча равишда ҳалокатга учраган Су-30СМ самолётининг ёнилғи намуналари ва парвоз техник ҳужжатларида «тиббий кислородли ягона газ чиқариш станцияси» ҳам олинган.

Азот муаммоси ҳаводан кислород ишлаб чиқарувчи замонавий қурилмалари билан жиҳозланган ҳарбий самолётлар долзарбдир. Ушбу қурилма нафақат кислород, балки ёнилғи бакларининг бўш қисмини тўлдиришда керак бўладиган азотни ҳам ишлаб чиқаради.

23 октябрь куни Россияниниг Иркутск шаҳрида Су-30 ҳарбий самолёти икки қаватли уй устига қулаганди. Синов парвози давомида ҳалок бўлган учувчилар тўғрисида маълумот берилган: учувчи Максим Конюшин Россияда хизмат кўрсатган синовчи-учувчи бўлган, майор Виктор Кюков эса иккинчи тоифали ҳарбий учувчи, учинчи тоифали синовч-учувчи.

Аввалроқ Россиянинг Краснодар вилояти Ейск шаҳрида ҳам ҳарбий самолёт аҳоли яшаш жойига қулаганди. Кейинроқ Россия Тергов қўмитаси Ейскдаги самолёт қулашининг асосий сабабини маълум қилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: